Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари қайси давлатлар?
2026 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 26,3 млрд АҚШ долларини ташкил этди.
© istockЎзбекистоннинг ташқи савдо фаоллиги 2026 йилнинг январь–апрель ойларида юқори суръатларда давом этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, тўрт ойлик ташқи савдо айланмаси 26,3 млрд АҚШ долларини ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,44 миллиард доллар ёки 5,8 фоизга кўп.
Маълумотларга кўра, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги бўлиб қолмоқда. Ушбу давлат билан ташқи савдо ҳажми 6,2 млрд долларга етган. Бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасининг қарийб чорак қисмини ташкил этади.
Иккинчи энг йирик ҳамкор Россия ҳисобланади, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 4,5 млрд долларга етди. Қозоғистон эса 1,8 млрд долларлик кўрсаткич билан учинчи ўринни сақлаб қолди.
Туркия 920,6 млн долларлик ташқи савдо айланмаси билан тўртинчи ўриндан жой олган. Кейинги ўринларда Афғонистон (728,2 млн доллар) ва Корея Республикаси (638,3 млн доллар) қайд этилган.
Афғонистоннинг юқори ўринларда сақланиб қолаётгани мазкур мамлакатнинг Ўзбекистон маҳсулотлари учун муҳим экспорт бозорларидан бири бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Шунингдек, Корея Республикаси билан саноат, технология ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик ташқи савдо кўрсаткичларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, тўрт ойда ушбу мамлакат билан савдо ҳажми 638,3 млн долларни ташкил этган.
Рейтингнинг кейинги поғоналаридан Бирлашган Араб Амирликлари (626,7 млн доллар), Франция (618,1 млн доллар), Германия (411,6 млн доллар) ва Ҳиндистон (406,4 млн доллар) ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг ташқи савдо баланси манфий чиқиб, тўрт ойида савдо дефицити 6,38 млрд долларни ташкил қилганлиги ҳақида хабар берилганди.

