Поезд кечикса, пулингиз қайтарилади: Янги компенсация тартиби тафсилотлари

Bugun 10:502 daqiqa

Рақобат қўмитаси талаби билан Ўзбекистонда поездлар кечиккани учун пуллик компенсация тўлаш тартиби жорий этилмоқда. 121 дақиқадан ортиқ кечикиш учун чипта пули 100 фоиз қайтарилади.

Поезд кечикса, пулингиз қайтарилади: Янги компенсация тартиби тафсилотлари

Рақобат қўмитасига сўнгги вақтларда темир йўл транспорти хизматлари, хусусан, поездларнинг белгиланган жадвалдан кечикиши юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Биргина 2025 йил давомида ушбу масала бўйича 51 та шикоят қайд этилган. Масалан, Тошкент–Бухоро–Тошкент йўналишидаги «Шарқ» поездлари доимий равишда 40 дақиқадан 1 соатгача кечикаётгани йўловчиларнинг шахсий режаларига жиддий зарар етказмоқда.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ташувчининг айби билан поезд кечиккан ҳолларда («Афросиёб»дан ташқари) йўловчиларга компенсация тўлаш тартиби мавжуд бўлмаган. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга асосан, хизмат кўрсатувчи етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаши шарт. Шу сабабли Рақобат қўмитаси Транспорт вазирлигига тегишли сўров юборди.

Янги тартиб ва компенсация

Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, айни пайтда темир йўлларда йўловчи ташиш қоидаларининг янги таҳрири ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, поезд ташувчининг айби билан кечикканда йўлкира (чипта ва плацкарт) қийматининг қуйидаги миқдорларида компенсация тўланиши белгиланмоқда:

15 – 30 дақиқа кечикса — чипта нархининг 15 фоизи;

31 – 60 дақиқа кечикса — чипта нархининг 25 фоизи;

61 – 120 дақиқа кечикса — чипта нархининг 50 фоизи;

121 дақиқадан ортиқ кечикса — чипта нархининг 100 фоизи қайтарилади.

Илгари бундай тартиб фақат юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездлари учун амал қилар эди. Эндиликда Рақобат қўмитасининг аралашуви билан ушбу имтиёз барча маҳаллий (оддий ва тезюрар) йўналишдаги поездларга ҳам татбиқ этилади.

Teglar

Mavzuga oid