Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил қилинади

Марказда тартибга солиш «қумдони» доирасида янги ечимларни синовдан ўтказиш, иш ҳақини хорижий валютада тўлаш, халқаро меҳнат стандартларини жорий қилиш, шахсга доир маълумотларни халқаро стандартлар ва булутли технологиялар асосида қайта ишлаш мумкин бўлади.

Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил қилинади © Foto: president.uz

Ўзбекистонда Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил қилинади. Бу ҳақдаги таклиф бугун, 25-март куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан маъқулланди.

Давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотда мамлакат инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган учта устувор йўналиш – халқаро молия ва рақамли технологиялар марказларини ташкил этиш ҳамда исломий молия хизматларини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Улардан биринчиси Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилиши бўлса, иккинчи йўналиш «Enterprise Uzbekistan» бренди остида Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш ва ривожлантиришдир.

Тақдимотда Рақамли технологиялар халқаро маркази учун 2100-йилга қадар амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим назарда тутилгани маълум қилинди. Марказда тартибга солиш «қумдони» доирасида янги ечимларни синовдан ўтказиш, иш ҳақини хорижий валютада тўлаш, халқаро меҳнат стандартларини жорий қилиш, шахсга доир маълумотларни халқаро стандартлар ва булутли технологиялар асосида қайта ишлаш мумкин бўлади. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, инвестициялар, стартаплар ва экспорт учун қулай шароитлар яратилади, божхона ва солиқ бўйича енгилликлар берилади.

Сунъий интеллект технологиялари, рақамли трансформация, тадқиқот ва ишланмалар, сертификатлаштириш, стартаплар ҳамда маълумотлар марказлари ушбу марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда.

Тақдимотда 2030-йилгача мазкур марказ орқали 1 мингтагача компанияни жалб қилиш, 300 мингдан зиёд иш ўрни яратиш ва 5 миллиард долларлик экспорт салоҳиятига чиқиш мақсади белгилангани айтилди. Бир қатор йирик халқаро технологик компаниялар ушбу ташаббусга қизиқиш билдиргани қайд этилди.

Давлат раҳбари мазкур таклифни амалиётга татбиқ этиш ишларини жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid