Рақобат қўмитаси айрим туроператорларини жавобгарликка тортди

20.02.2026 | 12:552 daqiqa

Улар Умра тадбирини ташкил этишга оид реклама қонунчилигини бузишда айбланиб, молиявий жаримага тортилди.

Рақобат қўмитаси айрим туроператорларини жавобгарликка тортди

Рақобат қўмитаси оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилган материалларни «Реклама тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиб, умра тадбирини ташкил этишга оид бир қатор қонунбузилишларни аниқлади. Натижада айрим туроператорлар ва ижтимоий тармоқ саҳифалари маъмурларига нисбатан молиявий ва маъмурий чоралар кўрилган.

Таҳлиллар давомида Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан «Sharofiddin Travel» ва «Fayz Tour Travel» МЧЖларга нисбатан иш қўзғатилди. Маълум бўлишича, ушбу туроператорлар лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда умра тадбирини ташкил этиш бўйича реклама жойлаштирган.

Қонун талабларини бузганлик ҳолатлари юзасидан белги тартибда текширув ўтказилиб, якунда молиявий жарималар қўлланилди. Қўмита бундай ҳолатлар истеъмолчиларни чалғитиш ва ноқонуний тадбиркорликка шароит яратишини таъкидлади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари томонидан жами 12 та («Marmaristour.uz», «rozumbetovjurabek», «uzmobile_aviakassa», «Samarqanddan Umra ziyorati» Instagram sahifasi, «Umra Ziyorati», «Fazliddin Umra jamiyati», «Muborak safar», «Qo'qimboyliklar», «Saudiyaga sayohat», «Umra rasmiy», «Aviakassa721», «Nursafar») Telegram ва Instagram каналларида жойлаштирилган рекламалар ўрганилган. Уларда ҳам лицензиясиз фаолиятни тарғиб қилиш ҳолатлари аниқланган.

Натижада мазкур каналлар маъмурлари ва масъул шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўмита қонунчилик талабларига зид реклама материалларини жойлаштириш ҳолатлари бўйича назорат ишлари давом эттирилишини билдирди.

Teglar

Mavzuga oid