«Сурункали қадрсизланишга сабаб кўринмаяпти»: сўм нега заифлашмоқда?
Сўнгги 9 та савдо сессиясида сўм долларга нисбатан 2 фоизга қадрсизланди. Доллар курси 31-июлдан буёнги энг юқори даражага кўтарилди. Хўш, сўм нега заифлашмоқда ва бу жараён давом этадими?
© Ijtimoiy tarmoqlarСўнгги тўққизта савдо сессияси давомида сўм долларга нисбатан 2 фоизга қадрсизланди. Бу даврда АҚШ долларининг расмий курси 31 июлдан буён энг юқори даражага кўтарилди. Йил бошидан буён ҳисоблаганда эса сўм аввал эришган барча мустаҳкамланишини йўқотди.
Иқтисодчи Микромил Холбоевнинг таҳлилига кўра, сўмнинг қадрсизланишига нафақат глобал миқёсда доллар мустаҳкамланиши, балки ички валюта бозоридаги бошқа омиллар ҳам таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Доллар глобал миқёсда мустаҳкамланмоқда

Иқтисодчининг таъкидлашича, октябр ойида аксарият валюталар долларга нисбатан қадрсизланган. Хусусан, таҳлил учун танлаб олинган 39 та валютанинг 26 таси долларга нисбатан заифлашган, фақат 8 таси эса мустаҳкамланган.

Шу маънода, сўмнинг қадрсизланиши глобал тенденциядан ташқаридаги ҳолат эмас. Бироқ у долларга нисбатан энг кўп қадрсизланган валюталар қаторида бўлиб, бу жараёнга бошқа омиллар ҳам таъсир қилаётган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Холбоев доллар мустаҳкамланишини АҚШдаги пул-кредит сиёсати билан боғлайди. Унинг фикрича, Федерал захира тизимининг фоиз ставкасини оширишига доир кутилмалар ва инфляциянинг тезлашиши долларга бўлган талабни кучайтириши мумкин.
Сўм қадрсизланишига яна қандай омиллар таъсир қилиши мумкин?
Иқтисодчи ҳозирча аниқ маълумотлар мавжуд бўлмагани сабабли сўмнинг қадрсизланишига олиб келаётган айрим эҳтимолий омилларни илгари сурди.
Биринчидан, бир марталик қарз тўловлари. Учинчи чорак якунида ҳукумат ёки хусусий секторнинг қарз мажбуриятлари бўйича йирик тўловлар амалга оширилган бўлиши мумкин. Бу валютага бўлган қисқа муддатли талабни ошириб, курсга босим ўтказиши эҳтимолдан холи эмас.
Иккинчидан, реал валюта курсининг ўзгариши. Холбоевнинг қайд этишича, май ойидан бошлаб сўмнинг реал курси мустаҳкамлана бошлаган. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигига таъсир қилиши мумкин.
Иқтисодчининг тахминига кўра, Марказий банк ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигига салбий таъсирни чеклаш мақсадида валюта интервенциялари орқали бозорга таъсир кўрсатишни кечиктираётган бўлиши мумкин. Шунингдек, жорий йилда олтин экспортининг ўтган йилга нисбатан сезиларли камайиши Марказий банкнинг валюта орқали стерилизация қилиш имкониятларига ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Учинчидан, пул ўтказмаларининг мавсумий пасайиши. Ёз мавсуми тугаши билан хориждан Ўзбекистонга юбориладиган пул ўтказмалари оқими мўътадиллашиши мумкин. Бу валюта таклифига таъсир қилиб, сўмнинг қадрсизланишини тезлаштирувчи қўшимча омил бўлиши эҳтимол.
Қайд этиш керакки, булар иқтисодчи илгари сурган эҳтимолий изоҳлар бўлиб, уларнинг сўм курсига таъсири ҳозирча аниқ маълумотлар билан тасдиқланмаган.
Сўмнинг кескин қадрсизланиши кутилмаяпти
Холбоевнинг фикрича, мослашувчан валюта курсининг асосий хусусияти ички ва ташқи иқтисодий ўзгаришларга мослашишидир. Импорт талаби ошиши ёки пул ўтказмалари секинлашиши каби жараёнлар курсда акс этса, бунинг ўзи салбий ҳодиса ҳисобланмайди.
Иқтисодчининг таъкидлашича, Марказий банк номинал валюта курсини муайян даражада ушлаб туришни мақсад қилмайди. Шу сабабли сўмнинг ташқи ва ички омилларга қараб ўзгариши мослашувчан курс механизмининг бир қисми ҳисобланади.
«Номинал курснинг кескин қадрсизланиши бўйича эса менда қандайдир кутилмалар ҳозирча мавжуд эмас. Яъни сўмнинг сурункали қадрсизланишига сабаб ҳозирча кўринмаяпти», — деб ёзади иқтисодчи.
У бу фикрини экспорт ва инвестициялар фаол ўсиб бораётгани билан изоҳлайди. Хулоса қилиб айтганда, сўмнинг сўнгги кунлардаги заифлашуви глобал доллар динамикаси билан бирга ички валюта талаби ва таклифига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ эҳтимолий омилларнинг қай бири асосий роль ўйнаётганини аниқлаш учун қўшимча маълумотлар зарур. Микромил Холбоев ҳозирча сўмнинг узоқ муддатли ва кескин қадрсизланишини кутаётгани йўқ.





