Logo

Тайван ҳар бир аҳолисига 314 доллардан беради: бунга сунъий интеллект сабаб бўлди

Kecha 21:552 daqiqa

Сунъий интеллект ортидан келган глобал иқтисодий бум мамлакатга шу қадар катта даромад келтирдики, энди давлат ўз бойлигини ҳеч қандай қарзларсиз, тўғридан-тўғри фуқароларнинг чўнтагига тарқатмоқчи.

Тайван ҳар бир аҳолисига 314 доллардан беради: бунга сунъий интеллект сабаб бўлди

Тайван ҳукумати глобал технологиялар бозоридаги талабнинг кескин ортиши ортидан кузатилаётган мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш сабабли аҳолига молиявий маблағлар тарқатишни режалаштирмоқда.

Мамлакат президенти Лай Синде ҳар бир фуқарога 10 минг Тайван доллари (тахминан 314 АҚШ доллари) миқдорида тўлов амалга оширилишини эълон қилди. Бу ҳақда «Taipei Times» нашри маълум қилди.

Нашрнинг ёзишича, мазкур мақсадлар учун келгуси йил бюджетида 235,7 миллиард Тайван доллари (қарийб 7,4 миллиард АҚШ доллари) миқдорида маблағ захирага олинган.

Рекорд даражадаги иқтисодий ўсиш

Маблағларнинг тарқатилиши глобал миқёсда сунъий интеллектга (СИ) бўлган талабнинг ортиши билан боғлиқ иқтисодий бум билан изоҳланмоқда. Маълумотларга кўра, биринчи чорак якунлари бўйича ЯИМ ўсиши 15,43 фоизгача қайта кўриб чиқилган, иккинчи чорак эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 12,93 фоизни ташкил этган.

Шу тариқа, мамлакат иқтисодиёти кетма-кет уч чорак давомида икки хонали суръатларда ўсмоқда. Биринчи ярим йиллик якунларига кўра ўсиш 14,15 фоизни ташкил этган бўлиб, бу сўнгги ярим асрдаги энг яхши натижадир, дейилади хабарда. Шунингдек, йиллик прогноз 9,64 фоиздан 11,05 фоизга оширилган. Бу кўрсаткич сўнгги 39 йил ичидаги рекорд бўлиши кутилмоқда.

Қарзларсиз амалга ошириладиган тўловлар

Президент ўз сўзида фуқаролар ўзига хос «СИ дивиденди»ни олишини ва бунда давлат бюджети камомадсиз қолишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ушбу тўловларни амалга ошириш учун давлат янги қарзлар олмайди.

Қайд этилишича, агар мамлакат парламенти йил охирига қадар бюджетни тасдиқласа, маблағлар Ой тақвими бўйича Янги йил байрамигача (2027 йилнинг 6 февралига қадар) фуқароларга берилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid