Театрларга янги имтиёзлар: ҳар бир чипта учун гонорар тўланади

Bugun 14:402 daqiqa

Ўзбекистонда давлат ва хусусий театрларни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий механизмлар жорий этилиб, ҳар бир сотилган чипта учун қўшимча гонорар берилади.

Театрларга янги имтиёзлар: ҳар бир чипта учун гонорар тўланади © uzbekistan1.com

Пойтахтдаги қатор театрлар фаолияти ўрганилиб, уларни модернизация қилиш ишлари бошланди. Хусусан, Миллий қўғирчоқ театри, Муқимий номидаги академик театр ҳамда Ёшлар театрини замонавий талаблар асосида янгилаш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида маълум қилди.

Шунингдек, маданият муассасаларини бошқариш тизимида ҳам ўзгаришлар бўлади. Ўтган йили Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрига молиявий, ижодий ва ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилиш ваколати берилган эди. Бу тажриба ижобий натижа бергани қайд этилди.

Шу асосда жорий йилнинг ўзида Муқимий театри, Бердақ театри ва Миллий қўғирчоқ театрига ҳам шундай мустақил бошқарув имкониятлари тақдим этилади. Масъулларга қолган маданият объектларини модернизация қилиш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Хусусий театрларга кўмак

Соҳада рақобатни кучайтириш ва янги ижодий лойиҳаларни рағбатлантириш мақсадида хусусий театрлар учун ҳам кенг имкониятлар яратилади.

1 сентябрдан бошлаб хусусий театрлар ва театр-студиялари томонидан ҳар йили яратиладиган 50 та саҳна асари харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, давлат маданият объектлари уларнинг фойдаланиши учун бепул ажратилади.

Агар хусусий театр ўз фаолиятини ижарага олинган бинода юритса, ҳар ойда 20 миллион сўмгача ижара харажатлари бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади. Бу чоралар хусусий секторнинг театр санъатидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Чипта учун гонорар

Энди театрлар спектакл учун сотилган ҳар бир чиптага бюджетдан 10 минг сўмдан гонорар ажратилади.

Масалан, агар театр мингта чипта сотса, қўшимча 10 миллион сўм маблағ олади. Театр жамоалари спектаклларни ҳудудларда намойиш этса, ҳар бир чипта учун тўланадиган гонорар миқдори 20 минг сўмни ташкил этади. Бу эса театрларни томошабинлар сонини ошириш ва гастроль фаолиятини кенгайтиришга ундайди.

Teglar

Mavzuga oid