Logo

THE рейтинги: Ўзбекистоннинг 24 та университети дунёнинг топ-1000 талигига кирди

Bugun 09:242 daqiqa

THE Sustainability Impact Ratings 2026 рейтингига Ўзбекистоннинг 50 та олий таълим муассасаси киритилди. Улардан 24 таси дунёнинг энг яхши 1000 талик университетлари қаторидан жой олди.

THE рейтинги: Ўзбекистоннинг 24 та университети дунёнинг топ-1000 талигига кирди © Ijtimoiy tarmoqlar

Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг агентлиги Индонезияда бўлиб ўтган таълим конгресси доирасида THE Sustainability Impact Ratings 2026 натижаларини эълон қилди.

Мазкур рейтинг олий таълим муассасаларининг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшаётган ҳиссасини таълим сифати, илмий тадқиқотлар, институционал бошқарув, ижтимоий масъулият, экологик барқарорлик ва халқаро ҳамкорлик каби мезонлар асосида баҳолайди.

Бу йилги рейтингга Ўзбекистоннинг 50 та олий таълим муассасаси киритилди. Шундан 24 таси дунёнинг энг яхши 1000 талик университетлари қаторига кирди.

Энг юқори натижани Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети қайд этиб, 101–200-ўринлар гуруҳидан жой олди.

Ўзбекистон Миллий университети ва «ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети 201–300-ўринлар, Бухоро давлат университети, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Термиз иқтисодиёт ва сервис университети эса 301–400-ўринлар гуруҳида қайд этилди.

Рейтингнинг алоҳида йўналишлари бўйича ҳам Ўзбекистон университетлари юқори натижаларга эришди. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети «Гендер тенглиги» йўналишида дунёда 8-ўринни эгаллади.

Тошкент давлат техника университети «Арзон ва тоза энергия» йўналишида 5-ўринни, Фарғона политехника институти эса 6-ўринни қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий педагогика университети «Гендер тенглиги» бўйича 20-ўринни эгаллаган бўлса, Термиз давлат университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети «Арзон ва тоза энергия» йўналишида мос равишда 36 ва 48-ўринлардан жой олди.

Тошкент давлат тиббиёт университети ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети эса «Соғлиқ ва фаровонлик» йўналишида дунёнинг энг яхши 100 та университети қаторига кирди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, 2021 йилда мазкур рейтингдан Ўзбекистоннинг 12 та олий таълим муассасаси ўрин олган бўлса, 2022 йилда уларнинг сони 30 тага, 2023 йилда 47 тага, 2024 йилда 53 тага, 2025 йилда эса 59 тага етган. 2026 йилда рейтингга кирган университетлар сони 50 тани ташкил этди, шундан 24 таси топ-1000 таликдан жой олди.

Teglar

Mavzuga oid