Тошкент илк бор 500 миллион долларлик евробонд чиқаради
Президентнинг янги топшириғига кўра, энди пойтахтнинг 12 та тумани аниқ соҳаларга ихтисослаштирилади, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун эса илк бор 500 миллион долларлик евробондлар чиқарилиши кутилмоқда.
© Foto: president.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни Тошкент шаҳри иқтисодиётида юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, мавжуд захираларни тўлиқ ишга солиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш юзасидан йиғилиш ўтказди.
Ҳокимга топшириқ
Йиғилишда пойтахт миллий иқтисодиётда алоҳида ўрин тутиши қайд этилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳри мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 21 фоизини таъминламоқда. Жорий йил “Пойтахтда жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши йили” деб эълон қилиниб, шаҳар иқтисодиётини 12 фоизга ошириш, 3,6 миллиард долларлик экспортни таъминлаш, 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва 616 минг аҳоли бандлигини таъминлаш каби катта марралар белгиланган.
Шу муносабат билан шаҳар ҳокимлиги, унинг 12 нафар ўринбосари ва 12 та туман ҳокими проактив иш ташкил қилиб, саноат, экспорт, инвестиция ва туризм соҳаларидаги эҳтимолий пасайишларнинг олдини олиши зарурлиги таъкидланди. Президент бунинг учун пойтахтда меҳнат ресурслари ҳам, молиявий имкониятлар ҳам етарли эканини таъкидлади.
Туманлар саноат ёки хизмат кўрсатиш тармоғига ихтисослаштирилади
Йиғилишда жорий йил янгича ёндашув асосида шаҳарнинг 12 та тумани аниқ бир саноат ёки хизмат кўрсатиш тармоғига ихтисослаштирилиши қайд этилди. Жумладан, Бектемир тумани кимё саноати ва улгуржи савдога, Мирзо Улуғбек тумани кабел саноати, илм-фан, таълим ва ахборот технологияларига, Миробод тумани озиқ-овқат саноати, туризм ва умумий овқатланишга, Учтепа заргарлик, маиший хизмат ва чакана савдога, Чилонзор фармацевтика, савдо, хизмат кўрсатиш ва спортга, Шайхонтоҳур мебелсозлик ва гастротуризмга, Юнусобод қоғоз саноати ва туризмга, Яшнобод электротехника ҳамда транспорт-логистикага, Яккасарой енгил саноат ва молиявий хизматларга, Янгиҳаёт автомобилсозлик ва логистикага, Олмазор қурилиш материаллари саноати ва таълимга, Сергели эса металлургия, логистика ва автосервис соҳаларига йўналтирилади.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш
Тошкент шаҳрида ностандарт таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида охирги икки ҳафта давомида 23 мингдан зиёд тадбиркор билан учрашувлар ўтказилгани, 1 минг 300 дан ортиқ муаммо аниқлангани, шунингдек, тадбиркорлар томонидан 162 та янги таклиф ва ташаббус билдирилгани маълум қилинди. Бу таклиф ва муаммоларнинг бирортаси ҳам эътибордан четда қолмаслиги кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, пойтахтда махсус инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини жорий қилиш орқали янги тажриба яратилиши белгиланди. Жумладан, бизнес учун рухсатнома ва лицензиялар бериш ваколатини тегишли вазирлик ва идоралардан уларнинг ҳудудий бўлинмаларига тушириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг янги ёндашувларини жорий этиш, тадбиркорларнинг логистика билан боғлиқ муаммоларини тезкор ҳал қилиш тизимини йўлга қўйиш, айланма маблағ билан таъминлаш ва бизнесни кенгайтириш учун қулай шартларда янги молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш назарда тутилгани қайд этилди.
Тадбиркорлар кўтарган муаммо ва таклифларни тезкор ҳал қилиш учун алоҳида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш таклиф қилинди. Унинг зиммасига туманларни драйвер соҳалар асосида ривожлантириш, иқтисодий ва ижтимоий коньюнктурани доимий мониторинг қилиш, ўсиш нуқталари ва фойдаланилмаётган захираларни аниқлаш, тизимли тўсиқларни бартараф этиш, ғоя ва ташаббусларни шакллантириш, уларни молиялаштириш ва ижросини назорат қилиш вазифалари юкланади.
500 миллион долларлик евробонд
Умуман, барча имкониятларни сафарбар қилиб, қўшимча 88 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 4,9 миллиард долларлик экспортни таъминлаш ва 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, бюджетга 2,9 триллион сўм тушум таъминлаш, 65,5 мингта юқори даромадли ва доимий иш ўринлари ташкил этиш бўйича аниқланган янги захираларни ишга солиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, жорий йилда Тошкент шаҳрига қўшимча 500 миллион доллар жалб қилиш мақсадида пойтахт евробондларини чиқариш таклиф қилинди.
Пойтахт тадбиркорларини Тошкент, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги йирик саноат корхоналари билан боғлаб, маҳаллийлаштириш ва кооперацияни кенгайтириш бўйича дастур тасдиқлаш топширилди.
Келгусида йирик халқаро консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда Тошкент шаҳри иқтисодиётини чуқур таҳлил қилиш ва ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.





