Logo

Тошкентда қаровсиз қолган тарихий бино замонавий санъат марказига айлантирилди

Bugun 10:342 daqiqa

6-сентябр куни Тошкентда йиллар давомида ташландиқ ҳолда турган тарихий иншоот негизида янги замонавий санъат маркази иш бошлайди.

Тошкентда қаровсиз қолган тарихий бино замонавий санъат марказига айлантирилди

Тошкент марказида узоқ йиллар давомида қаровсиз қолган собиқ дизель электр станцияси биноси қайта тикланиб, 6-сентябр куни Тошкент замонавий санъат маркази — CCA Tashkent сифатида ўз эшикларини очади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа мамлакатда тарихий меросни асраб-авайлаш ва маданий тараққиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Иншоотни қайта тиклаш ва уни замонавий маданий марказга мослаштириш концепцияси Франциянинг «Studio KO» меъморий бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳада тарихий муҳит замонавий архитектура ечимлари билан уйғунлаштирилган.

Марказда кўргазма заллари, таълим майдонлари, тадқиқот маркази, махсус кутубхона ва жамоатчилик учун очиқ зоналар барпо этилган. Бу ерда жаҳон ва ўзбек замонавий санъати намуналарини кўриш, маърузалар, семинарлар ва кино намойишларида қатнашиш, шунингдек, илмий изланишлар олиб бориш мумкин.

Марказнинг илк кўргазмаси

CCA Tashkent ўз маданий миссиясини «Ҳикмаҳ» кўргазмаси билан бошлайди. Лойиҳа 11 нафар етук санъаткорнинг ижод намуналарини бир жойга жамлайди.

Кўргазма орқали мозий ҳикмати, аждодлар хотираси ва янги давр эстетикаси ўртасидаги боғлиқлик намоён этилади. Ташкилотчилар бу орқали тарихий мерос ва замонавий санъат ўртасида мулоқот ўрнатишни мақсад қилган.

Маълумот учун, марказ жойлашган бино 1912-йилда машҳур меъмор Вилгелм Гейнселман лойиҳаси асосида қурилган. Дастлаб шаҳар трамвайлари депоси бўлган иншоот кейинчалик дизель электр станцияси сифатида ишлатилган. Бир асрдан ортиқ тарихга эга бино узоқ вақт ташландиқ ҳолда қолган эди.

Teglar

Mavzuga oid