Тошкентда учта бозорнинг айрим қисмлари вақтинча ёпилди

Bugun 15:002 daqiqa

Пойтахтдаги учта бозорда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилгани аниқланиб, айрим ҳудудлар фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Тошкентда учта бозорнинг айрим қисмлари вақтинча ёпилди © https://aviasozlar-bozori.uz/

Тошкент шаҳрида 8 апрел куни ўтказилган текширувлар давомида учта йирик бозорда ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Текширувлар Яшнобод туманидаги «Авиасозлар» деҳқон бозори, Шайхонтоҳур туманидаги деҳқон бозори ҳамда Чилонзор туманидаги буюм бозорида амалга оширилди. Назорат жараёнида ушбу бозорларнинг айрим ҳудудларида жиддий камчиликлар борлиги аниқланган.

Хусусан, очиқ ҳолдаги электр симлари, ёнғин хавфини кучайтирувчи омиллар, ёнғин ўчириш жўмракларининг носозлиги ёки умуман мавжуд эмаслиги қайд этилган. Шу сабабли хавфли деб топилган ҳудудлар электр таъминотидан узилиб, камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча ёпилди.

Мутасаддилар таъкидлашича, бозорлар тўлиқ ёпилмаган. Чекловлар фақат қоидабузарликлар аниқланган айрим блокларга нисбатан қўлланган. Асосий мақсад тадбиркорлик фаолиятини чеклаш эмас, балки инсонлар хавфсизлигини таъминлаш ва эҳтимолий ёнғинларнинг олдини олишдан иборат.

Вилоятардаги текширувлар

Шу каби текширувлар Самарқанд ва Урганч шаҳарларида ҳам ўтказилди. Самарқанддаги «Қурилиш материаллари» савдо мажмуасида очиқ электр симлари, ёнғиндан хабар берувчи тизимлар ва ўчириш воситаларининг йўқлиги каби қатор камчиликлар аниқланди ва объект қисман ёпилди.

Урганч шаҳридаги буюм бозорида эса маиший газ баллонларидан хавфли тарзда фойдаланиш, эвакуация чиқиш йўлларининг ёпиқлиги ва очиқ электр тармоқлари қайд этилди. Натижада бозор ҳудуди электр таъминотидан узилиб, вақтинча фаолияти тўхтатилди.

Масъулларга барча камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган бўлиб, талаблар бажарилгандан сўнг объектлар фаолияти қайта тикланиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 5 апрел куни Тошкент шаҳридаги «Бешқўрғон» бозорида ёнғин содир бўлган эди.

Teglar

Mavzuga oid