Уй-жой арзон ёки қиммат сотилса, солиқ қайта ҳисобланади

Bugun 15:432 daqiqa

Ўзбекистонда солиқ базасини кўчмас мулк объектлари бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби белгиланди. Янги тартибга кўра, шартномадаги нарх бозор қийматидан камида 20 фоиз паст бўлса, солиқ органлари қўшимча солиқ ҳисоблайди.

Уй-жой арзон ёки қиммат сотилса, солиқ қайта ҳисобланади © vaqt.uz

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 18 май куни айрим товарлар бўйича солиқ базасини бозор қиймати асосида ҳисоблаш тартибини тасдиқлади. Янги тартиб Солиқ кодексининг 248-моддасига асосланиб, товар ва хизматлар бозор нархидан сезиларли даражада паст ёки юқори баҳода сотилганда солиқ базасини тузатиш имконини беради.

Қоидалар асосан кўчмас мулк объектлари ва ёғоч маҳсулотларига нисбатан қўлланилади. Агар шартномада кўрсатилган нарх ўхшаш объектларнинг ўртача бозор қийматидан 20 фоиздан паст бўлса, солиқчилар қўшимча ҳисоб-китоб қилади. Бунда таққослаш учун ўхшаш объектлар бўйича олди-сотди шартномалари, ҳудуд, жойлашув ва етказиб бериш шартлари инобатга олинади.

Бозор қийматини ҳисоблаш учун қуйидаги манбалардан маълумот олиниши мумкин:

Нотариал автоматлаштирилган тизим маълумотлари;
Божхона қиймати бўйича маълумотлар;
Биржа котировкалари;
Давлат харидлари ва аукцион платформалари;
Сотувчилар прейскурантлари;
ОАВ ва интернет ресурслари;
Банкларга гаров сифатида тақдим этилган мулкларни қайта баҳолаш маълумотлари;
Баҳоловчи ташкилотлар хулосалари.

Агар кўчмас мулк Кадастр агентлиги томонидан бозор баҳосидан ўтган бўлса, солиқ базасини ҳисоблашда шу маълумот асос қилиб олинади.

Сотув нархи бозор қийматидан паст чиққан тақдирда, икки сумма ўртасидаги фарқ солиқ базасига қўшилади. Шу билан бирга, қўшимча ҳисобланган солиқлар учун молиявий жарималар қўлланилмайди.

Янги тартиб трансферт нархлашуви доирасидаги битимлар, давлат томонидан қатъий белгиланган нархлар, табиий монополиялар маҳсулотлари ва биржа савдолари натижаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2027-йилдан қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича солиқ автоматик ҳисобланади ва солиқ ҳисоботи топшириш мажбурияти бекор қилинади.

Teglar

Mavzuga oid

Уй-жой арзон ёки қиммат сотилса, солиқ қайта ҳисобланади | Vaqt.uz