Logo

Хорижга саёҳат қилувчилар учун янги кафолат тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда

Bugun 16:432 daqiqa

Лойиҳада туроператорлардан камида 50 минг доллар миқдорида захира маблағини шакллантириш ҳамда ҳар бир сотилган турпакет учун кафолат йиғимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Хорижга саёҳат қилувчилар учун янги кафолат тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда хорижга саёҳат қилувчи фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган янги кафолат тизими жорий этилиши мумкин. Бу бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага кўра, Туризм қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Хавфсиз туризм» жамғармаси ташкил этилади. Чиқиш туризми билан шуғулланувчи туроператорлар лицензия олиш учун жамғармага камида 50 минг АҚШ доллари эквивалентида захира маблағини жойлаштириши талаб этилади. Ҳозирги талаб 15 минг долларни ташкил қилади.

Мазкур захира маблағлари туристларга етказилган моддий зарарни қоплаш, фавқулодда вазиятларда уларни вақтинча жойлаштириш, озиқ-овқат, транспорт, алоқа, эвакуация ва репатриация харажатларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Туркод жорий этилади

Лойиҳада ҳар бир сотилган туристик маҳсулот учун БҲМнинг 0,15 баравари миқдорида, ҳозирги ҳисоб-китобга кўра 61,8 минг сўмлик мақсадли кафолат йиғимини жорий этиш таклиф қилинган. Ушбу маблағ турпакет нархи таркибига киритилади ва туристдан алоҳида йиғим сифатида ундирилмайди.

Шунингдек, ҳар бир турпакет учун ноёб электрон идентификатор — туркод шакллантирилади. У кафолат йиғими тўланганидан кейингина яратилади ва турист, туроператор, турагент, сафар йўналиши, транспорт, жойлаштириш, суғурта ҳамда фавқулодда ҳолатларда боғланиш маълумотларини ўз ичига олади.

Туркод хизмат кўрсатиш шартномаси, ваучер ва бошқа электрон ҳужжатларнинг ажралмас қисмига айланади.

Янги талаблар кучаяди


Ҳужжатга мувофиқ, хорижий туроператорлар Ўзбекистон фуқароларига турпакетларни фақат маҳаллий лицензияга эга туроператор билан ҳамкорликда ёки Ўзбекистонда лицензия олган юридик шахси орқали сотиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, турагентларга хорижий туроператор маҳсулотларини маҳаллий туроператор иштирокисиз ижтимоий тармоқлар, мобил иловалар ёки онлайн платформалар орқали тўғридан-тўғри сотиш тақиқланади.

Лойиҳада туристлар чет элда қолиб кетган, қайтиш рейси бекор қилинган, меҳмонхона ёки трансфер тўланмаган, туроператор банкрот бўлган каби ҳолатларда эвакуация ва Ўзбекистонга қайтариш харажатларини қоплаш механизми ҳам назарда тутилган.

Ҳужжат қабул қилинса, расмий эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради.

Teglar

Mavzuga oid

Хорижга саёҳат қилувчилар учун янги кафолат тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда | Vaqt.uz