Logo

Янги мақсад: Ўзбекистон иқтисодиёти 2030 йилга қадар 300 миллиард долларга етказилади

Bugun 20:082 daqiqa

Қайд этилишича, ЯИМ ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш бўйича белгиланган марра жорий йилнинг ўзида ортиғи билан бажарилди.

Янги мақсад: Ўзбекистон иқтисодиёти 2030 йилга қадар 300 миллиард долларга етказилади © Foto: president.uz

Ўзбекистон иқтисодиёти кўламини 2030 йилга бориб 300 миллиард долларга етказиш бўйича янги мақсад белгиланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидлади.

Глобал логистикадаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, ЯИМ ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш бўйича белгиланган марра жорий йилнинг ўзида ортиғи билан бажарилди.

Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич орқали Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига киради.

Мамлакатда валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида амалга оширилган туб ўзгаришлар сабаб Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрин 80 поғона яхшиланган ва Ўзбекистон иқтисодиёти мўтадил эркин давлатлар қаторидан жой олган.

Сиёсий ирода билан чегара муаммолари ҳал қилиниб, қўшнилар билан ҳамкорлик мустаҳкамлангани таъкидланади.

«Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, ҳозир мазкур кўрсаткич 40-50 миллиард долларни ташкил этмоқда», — дейилади расмий хабарда.

Инвестициялар билан биргаликда мамлакатга илғор технологиялар ва янги иқтисодий имкониятлар ҳам кириб келаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг даромади ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича «маҳаллабай» ишлаш тизими йўлга қўйилиши ортидан, камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилган. Бунинг замирида 10 миллион инсоннинг турмуш сифати яхшилангани эътироф этилди.

«Бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти», — дея Президент сўзларидан иқтибос келтирди матбуот хизмати.

Давлат раҳбари янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг 2025 йилдаги мурожаатномасида 2026 йилда ЯИМ ҳажми 160 миллиард долларга, яқин 5 йилда эса (2030 йилгача) 240 миллиард долларга етиши режа қилингани айтилган эди. Ундан аввалги мўлжал эса 200 миллиард долларни ташкил қилган.

Teglar

Mavzuga oid

Янги мақсад: Ўзбекистон иқтисодиёти 2030 йилга қадар 300 миллиард долларга етказилади | Vaqt.uz