Бандлик вазирлиги биноси 180 млрд сўмга аукционга қўйилди
Янги Тошкентга кўчиш жараёни фонида давлат бинолари бирин-кетин сотувга чиқмоқда. Миробод туманидаги Бандлик вазирлиги биноси 180 млрд сўм ёки 14,6 млн долларга бошланғич нарх билан аукционга қўйилди.

Тошкент шаҳар, Миробод туманидаги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги биноси аукционга қўйилди. Бу ҳақда “E-auksion” платформасида эълон қилинди.
Кимошди савдоси 23 феврал куни бўлиб ўтади. Лотнинг бошланғич баҳоси 180 млрд сўм қилиб белгиланган. Закалат пули миқдори эса 5,4 млрд сўм.
Вазирлик биноларининг умумий майдони 12 647 кв метр, ер майдони 0,6 гектари ташкил қилади. Аукцион ғолибига шаҳарсозлик ҳужжатларига асосан офис ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш мажбурияти қўйилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Янги Тошкент шаҳрига кўчмоқда ва 3 йил ичида бинони тўлиқ бўшатиб бериш мажбуриятини олган.
Бунда, Янги Тошкент шаҳрида маъмурий бино муддатидан олдин қуриб битказилганда, объект харидорга белгиланган муддатдан олдин топширилади.
Давлат активлари бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолатларда, қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси (14 фоиз) миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланади. Вазирлик биносига ҳам бу амал қилади.
Харидорларга камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бир йўла амалга оширган тақдирда мазкур вазирлик биносини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилади.
Агар харидор олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб бир ой ичида сотиб олиш тўловларини тўлиқ амалга оширса, Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг — 14 фоиз миқдорда чегирма берилади.
Аввалроқ Тошкент марказидаги Автомобил йўллари қўмитасига тегишли бино 242 млрд сўмга аукционда сотилганди. Қўмита ҳам Янги Тошкентга кўчиб ўтмоқда.





