412 минг сўмга «тонировка», 9 тонна олтин сотиб олган Ўзбекистон ва мактабдаги «фонд» пули — 7 август дайжести

22:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 07

Ўзбекистон июн ойида дунёда энг кўп олтин сотиб олди

Жаҳон олтин кенгаши маълумотига кўра, 2025 йил июн ойида дунё бўйлаб марказий банклар жами 22 тонна олтин харид қилган. Бу талаб учинчи ой кетма-кет ўсишда давом этаётганини кўрсатади. Ушбу даврда энг йирик харидор сифатида Ўзбекистон тан олинди — мамлакат 9 тонна олтин сотиб олган.

Ўзбекистон тўрт ойлик «сотув режими»дан сўнг бозорга қайтиб, яна олтин захираларини тўплашни бошлади. Бу ўзгариш мамлакатнинг валюта-олтин захираларини мустаҳкамлашга қаратилган стратегияси доирасида амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

 

Судялар олий кенгашида кутилмаган фаоллик: 13 кунда 100 дан ортиқ тайинлов

Судялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров ваколати тугаши арафасида (2025 йил 6 август) 13 иш куни ичида 7 марта кенгаш йиғилишини чақириб, 100 дан ортиқ судя тайинлади. Бу муддатда одатдагидан анча кўп тайинлов амалга оширилди.

15–31 июл ҳамда 4–5 август кунлари ўтказилган йиғилишларда 77 нафар янги битирувчи судя қилиб тайинланди, 20 нафар янги муддатга, 37 нафари эса қайта тайинланди. Кенгаш бу орқали судлардаги бўшлиқ ва юкламани камайтиришни мақсад қилган. Ёдгоров ҳозирда таътилда.

 

1 майдан 31 августгача енгил автомобиллларга «тонировка» — 412 минг сўм

1 майдан 31 августгача M1 тоифали енгил автомобиль эгалари учун олд ён ойналарни қорайтириш (тонировка) рухсатномаси 412 минг сўм қилиб белгиланди. Бу махсус ёзги тартиб бўлиб, ҳар йили шу ойларда амал қилади.

Белгиланган муддатдан ташқари пайтларда олд эшик ойнаси учун тўлов 8 БҲМ — 3,3 млн сўмни ташкил қилади, орқа ён ва орқа ойна — бепул. Тартиб фақат M1 тоифасига тааллуқли. Қонунбузарлик учун жазо белгиланган.

 

Ўзбекистон ҳаёт сифати бўйича рейтингга нега кира олмади?

Швеция, Дания ва Люксембург каби мамлакатлар Numbeo индексида ҳаёт сифати бўйича етакчилик қилмоқда. Уларда ижтимоий тенглик, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳит муҳофазаси каби кўрсаткичлар юқори. Қатар ва Ўмон ҳам рейтингда юқори ўринларни эгаллаб, Яқин Шарқдаги барқарор давлатлар сифатида ажралиб турди.

Ўзбекистон хавфсизлик бўйича дунёдаги энг хавфсиз 30 та давлат қаторига кирган. Тошкент эса Осиёдаги энг яхши 30 та шаҳардан бири. Бироқ мамлакат Numbeo индексига киритилмаган. Сабаби — платформадан фойдаланувчилар сони камлиги ва етарлича маълумот базасининг мавжуд эмаслиги. Бу рақамли фаолликнинг пастлиги билан боғлиқ.

 

Мактабларда йиғиладиган «фонд» пули: у нималарга сарфланади?

Андижоннинг Марҳамат туманида ўқитувчилар таътил вақтида мажбурий равишда ишлатилгани ва «фонд» пули йиғилиши бўйича ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди. Қонуний тақиқларга қарамай, баъзи мактабларда ҳали ҳам ҳар ой ота-оналардан пул йиғилаётгани айтилади. Бу пуллар одатда фаррош ва қоровулга қўшимча ҳақ, синф эҳтиёжлари, байрам совғалари учун ишлатилади.

Вазирлик таълим муассасаларида пул йиғиш тақиқланганини бир неча бор таъкидлаган. Аммо амалда пул йиғиш «ота-оналар қўмитаси» орқали, ўқитувчи иштирокисиз амалга оширилади. Бу жараён шаффоф бўлмагани сабаб, йиғилаётган маблағнинг сарфланиши кўпинча ота-оналар учун ноаниқ бўлиб қолмоқда.