Ўзбекистон июн ойида дунёда энг кўп олтин сотиб олди

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Мамлакат бир ойда 9 тонна олтин харид қилиб, дунёдаги барча марказий банклар орасида биринчи ўринни эгаллади.

Oltin

Жаҳон олтин кенгаши маълумотига кўра, 2025 йил июн ойида дунё бўйлаб марказий банклар жами 22 тонна олтин харид қилган. Бу талаб учинчи ой кетма-кет ўсишда давом этаётганини кўрсатади. Ушбу даврда энг йирик харидор сифатида Ўзбекистон тан олинди — мамлакат 9 тонна олтин сотиб олган.

Ўзбекистон тўрт ойлик «сотув режими»дан сўнг бозорга қайтиб, яна олтин захираларини тўплашни бошлади. Бу ўзгариш мамлакатнинг валюта-олтин захираларини мустаҳкамлашга қаратилган стратегияси доирасида амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

Қозоғистон июн ойида 7 тонна олтин сотиб олиб, иккинчи ўринни эгаллади. Хитой, Туркия ва Чехия эса ҳар бири 2 тоннадон харид қилган. Шунингдек, Ғана, Қатар, Филиппин ва Қирғизистон бир тоннадон олтин сотиб олган давлатлар қаторида қайд этилган.

Мазкур ойда олтиннинг энг йирик сотувчиси Сингапур бўлиб, у 6 тонна олтин сотган. Бу ҳам марказий банклар захира сиёсатидаги фаол ҳаракатлардан далолат беради.

2025 йил бошидан буён марказий банклар жами 123 тонна олтин харид қилган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 130 тоннадан камроқ бўлса-да, юқори кўрсаткич ҳисобланади. Йил бошидан буёнги умумий савдо бўйича етакчилар қуйидагича:
Полша — 67 тонна,
Озарбойжон — 35 тонна,
Қозоғистон — 22 тонна,
Ўзбекистон эса 18 тонна олтин сотиб олиб, етакчи давлатлардан бирига айланган.