Озодбек Назарбеков яна рекламада кўриниш берди: вазир қонундан бехабарми?
Маданият вазири Озодбек Назарбеков Kokand University хусусий университети рекламавий видеосида кўриниш берди. Унда вазир ёшларга университетнинг Андижон филиалига ўқишга киришни тавсия қилган. Амалдаги қонунчиликка кўра, мансабдор шахслар рекламада қатнашиши тақиқланган. Назарбеков 2024 йилда ҳам эркаклар кийимлари дўкони рекламасида қатнашгани учун муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Маданият вазирлиги вазир чиқишини оқлаб, унинг видеодаги тавсияларини «ижтимоий фойдали ахборот» сифатида баҳолади ва бу орқали даромад олинмаганини таъкидлади. Бироқ Рақобатни ривожлантириш қўмитаси ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳали вазият юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Блогерлар реклама қонунини бузганликда айбланмоқда
Рақобат қўмитаси блогерлар Отабек Жўраев ва А.Абдураҳмоновга нисбатан чора кўрди. Улар Instagram орқали «ADWORLD GROUP» МЧЖ фаолиятини тарғиб қилиб, лицензиясиз хорижга ишга жойлаштириш хизматларини реклама қилгани аниқланди. Қонунга кўра, бундай фаолият фақат махсус лицензияга эга ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, реклама тўғрисидаги қонун тегишли рухсатномага эга бўлмаган хизматларни тарғиб қилишни тақиқлайди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан блогерларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилиб, иш материаллари судга юборилди.
Қишлоқ хўжалигида дрон хизматлари йўлга қўйилади
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ташкилотлари эндиликда дрон хизматларидан фойдаланиш учун аризани онлайн тақдим этиши мумкин бўлади. Президент фармонига кўра, 4 млн гектардан ортиқ ер майдонларидаги экинларни экиш ва суғориш жараёнлари рақамлаштирилади, мавжуд 30 дан зиёд ахборот тизимлари эса ягона «Agroportal» платформаси орқали бирлаштирилади.
«Agroportal» орқали дрон хизматларига ариза бериш, шартнома тузиш ва тўловларни амалга ошириш мумкин бўлади. 2025 йил декабрдан ерларни иккинчи марта ижарага бериш, 2026 йил мартдан эса ер тоифасини ўзгартириш жараёнлари ҳам онлайн тарзда амалга оширилиши белгиланган.
Диёра Келдиёрова она бўлди
Дзюдо бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи олтин медал соҳиби Диёра Келдиёрова она бўлди. Унинг турмуш ўртоғи ижтимоий тармоқда қизалоқ дунёга келганини маълум қилган. Бу хабар кенг жамоатчилик ва спорт мухлислари томонидан катта қувонч билан кутиб олинди.
Диёра Келдиёрова Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида туғилган. У фаолияти давомида нафақат спортда, балки ижтимоий соҳада ҳам фаолият олиб бориб келмоқда. У Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг махсус вакили этиб тайинланган. Шунингдек, Халқаро дзюдо федерацияси Атлетлар комиссияси аъзоси ҳисобланади.
Озарбойжон Ўзбекистонда нефт конини ўзлаштиришга киришди
Озарбойжон давлат нефт компанияси SOCAR Ўзбекистонда нефт конини ўзлаштиришга киришди ва тегишли шартнома имзоланди. Бу ҳақда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Туркманистон, Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги юқори даражадаги уч томонлама учрашувда маълум қилди.
«Келгуси бир-икки йил ичида улар бизга қувончли хабар етказишларига умид қиламан. Барчамиз Ўзбекистонда йирик нефт кони очилиши ҳақидаги янгиликларни сабрсизлик билан кутмоқдамиз», — деб таъкидлади.