Маданият вазирлиги Озодбек Назарбековнинг университет видеосидаги чиқишига изоҳ берди

21:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Вазирнинг тавсиялари «ижтимоий фойдали ахборот» бўлиб, «даромад олишга қаратилмаган», дейилади ташкилот хабарида. Бироқ Рақобатни ривожлантириш қўмитаси ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамон ҳолатга расмий изоҳ бермади.

Ozodbek nazarbekovФото: kun.uz

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Озодбек Назарбековнинг Kokand University хусусий университети видеоролигидаги иштирокига муносабат билдирди. Баёнотда оқлашича, вазирнинг тавсиялари «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларига тушмайди.

Вазир матбуот котибининг таъкидлашича, 17 апрел куни Озодбек Назарбеков Андижон вилоятида Kokand University’нинг 150 дан зиёд талабалари ва ёшлари билан учрашган. Учрашувдан сўнг талабалар ундан университет имкониятлари ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот беришни сўрашган. Вазирнинг видеода айтган тавсиялари айнан шу илтимос асосида амалга оширилгани қайд этилган.

Маданият вазирлиги маълум қилишича, Назарбековнинг чиқишлари ёшларни илм олишга чорлашга қаратилган бўлиб, улар ижтимоий фойдали ахборот ҳисобланади.

«Озодбек Назарбеков томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар илм-фанга узвий равишда уйғунлаштирилган ва мақсади даромад олишга қаратилмаган ижтимоий фойдали ахборот эканини маълум қиламиз», — таъкидлади Маданият вазирлиги.

Амалдаги қонунчиликка кўра, мансабдор шахсларнинг бундай ҳолатга йўл қўйиши мумкин эмас. Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига кўра, товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш тақиқланади.

Шунингдек, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ мансабдор шахсга педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш (қонунлар ҳамда президент қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно), шунингдек, ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олиш тақиқланган.

Қайд этиш керакки, Маданият вазири Озодбек Назарбеков 2024 йилда ҳам эркаклар кийимлари дўконининг рекламасида иштирок этган эди. Ўшанда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ушбу дўкон реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганини аниқлаган. Унга кўра, видеода маҳсулот давлат вакили томонидан маъқуллангандек таассурот пайдо бўлган. Дўконга 23,8 млн сўм жарима солинган, бироқ вазирнинг ўзи бунга алоқадор эмаслиги аниқланган: у реклама берувчи, ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчи сифатида ишламаган.