Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябр куни Қатар давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
«Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари яқинда Исроил томонидан Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига уюштирилган ракета зарбаларини кескин қоралади. Қатар мустақиллиги ва суверенитетини бузадиган, унинг хавфсизлигига таҳдид соладиган бундай номақбул хатти-ҳаракатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми, халқаро ҳуқуқнинг асосий қоида ва тамойилларига зид экани қайд этилди», — дейилади Ўзбекистон томони хабарида.
Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай шаклига ва Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашишига олиб келадиган қадамларга қарши экани таъкидланган.
Суҳбат давомида Ўзбекистон президенти Қатар ташаббуси билан чақирилаётган навбатдан ташқари араб-ислом саммитининг муваффақиятли ўтишини тилаган. Қатар амири, ўз навбатида, кўрсатилган бирдамлик ва қўллаб-қувватлов учун чуқур миннатдорлик билдирган.
Телефон мулоқоти чоғида фаол сиёсий алоқаларни давом эттириш ва икки мамлакат етакчи компанияларининг кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Маълумот учун, Исроил 9 сентябр куни Қатар пойтахти Доҳада ҲАМАС амалдорларига нисбатан ҳаво ҳужуми уюштирди. Axios’нинг хабар беришича, ҳужум АҚШ билан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳодисани «жиноий тажовуз» деб атади ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларининг очиқдан-очиқ бузилиши сифатида қоралади. Баёнотга кўра, ҳужум ҲАМАС Сиёсий бюроси аъзолари истиқомат қиладиган турар-жой биноларига қаратилган бўлиб, бу қатарликлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Расмий Доҳада хавфсизлик кучлари ҳодисанинг оқибатларини бартараф этиш ва тергов ишларини олиб боришга киришган.