Исроил Доҳада ҲАМАС амалдорларига суиқасд уюштирди. Бу АҚШ билан келишилгани атилмоқда

09.09.2025 19:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Бу Қатарга қаратилган тўғридан-тўғри ҳарбий ҳужум сифатида амалга оширилган. ОАВ Доҳага қилинган ҳаво ҳужуми АҚШ билан олдиндан келишилгани ҳақида ёзмоқда.

Israel

Исроил бугун, 9 сентябр куни Доҳада ҲАМАС амалдорларини йўқ қилиш мақсадида ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда Axios Исроилнинг икки расмийсига таяниб, маълум қилди.

Қатар пойтахтидаги суиқасд уриниши АҚШнинг Ғазода гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил билан ҲАМАС ўртасида тинчлик келишувига эришиш бўйича янги саъй-ҳаракатлари фонида содир бўлмоқда.

АҚШнинг асосий иттифоқчиси бўлган Қатар 7 октябр ҳужумларидан бери бу жараёнда асосий воситачи вазифасини бажариб келмоқда.
Қатар бош вазири душанба куни Доҳада ҲАМАС раҳбарлари билан учрашиб, уларни АҚШнинг янги таклифини қабул қилишга даъват этди.

ҲАМАС раҳбарлари Трамп маъмуриятининг таклифини муҳокама қилиш учун тўпланган пайтда ҳужум амалга оширилган.

«Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Исроилга қарши террор ҳужумларида иштирок этган ва 7 октябр воқеаларига бевосита масъул бўлган ҲАМАС раҳбарларига аниқ зарба берди», — дея баёнот берди ЦАҲАЛ ва Шин Бет махсус хизмати.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни «бепарво» ва «қўрқоқлаик» деб баҳолади, чунки у «ҲАМАС Сиёсий бюросининг бир неча аъзоси истиқомат қилаётган турар-жой биноларига қаратилган».

«Бу жиноий тажовуз барча халқаро қонун ва меъёрларнинг очиқдан-очиқ бузилиши бўлиб, қатарликлар ва Қатарда истиқомат қилувчиларнинг хавфсизлигига жиддий таҳдид солади», — дейилади вазирлик баёнотида.

Қатар ТИВ таъкидлашича, хавфсизлик кучлари, фуқаро мудофааси ва тегишли идоралар дарҳол ҳодисани бартараф этишга ва унинг оқибатларини жиловлаш, аҳоли ҳамда атрофдаги ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўришга киришган.

«Тергов ишлари энг юқори даражада олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

ҲАМАС расмийларининг Al-Jazeera’га айтишича, Доҳада сулҳ таклифини муҳокама қилаётган йиғилишдаги барча аъзолар Исроилнинг суиқасдга уринишидан омон қолган.