100 млн долларлик янги «Чорсу» лойиҳаси Тошкент марказини ўзгартириши мумкин
Тошкент марказидаги собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнида қуриладиган йирик комплекс қурилиши 2025 йил декабрида бошланиши кутилмоқда. Лойиҳа ташаббускори бўлган Manar Development компанияси матбуот анжуманида бу ҳақда расман маълум қилди.
Chorsu by Manar ёки Yangi Chorsu номи билан белгиланаётган лойиҳа доирасида 100 минг метр квадратдан ортиқ майдонда кўп функцияли мажмуа барпо этилади. 38,3 минг метр квадрат турар-жой, 20 минг метр кв.дан ортиқ қисми тижорат ва меҳмонхона майдонлари, 14 минги эса офислар учун ажратилади.
Лойиҳа қиймати 100 млн доллардан ошиб, маблағлар тўлиқ компаниянинг ўз ресурслари ҳисобидан ажратилади. Manar Group 2024 йил майда ташкил этилган бўлиб, Orient Group ва Golden House билан алоқалари бор. Илгари «Чорсу» меҳмонхонасини 16,9 млрд сўмга сотиб олган БАА компанияси Ittihad International Investment мазкур лойиҳада иштирок этмайди.
Наманганда аёл укаси уйсиз қолганидан шикоят қилиб, ҳокимнинг контейнер уйига хат ёпиштириб кетди
Наманган вилояти Норин туманида яшовчи Салима Қўлдошева уйсизлик муаммоси билан боғлиқ ҳолда туман ҳокими Жўрабек Нурматовга мурожаат этди. У Шўрариқ маҳалласида жойлашган ҳокимнинг контейнер уйига хат қолдириб, оиласининг оғир аҳволи ҳақида ёзди.
Сизнинг қарорингиз туфайли биз оилавий уйсиз қолган эдик. Онам сарсон-саргардонликда вафот этди. Мен турмуш қурганман, укам эса ҳануз уйсиз, уйланолмай, ватан қилолмай юрибди. Ишонамизки, сиз қачондир ўз уйингизга қайтасиз, биз эса 13 йилдан бери қайтолмаяпмиз», — дейилади хатда.
Vaqt.uz вазият юзасидан Норин туман ҳокимлиги матбуот котиби Носиржон Ҳасанов билан боғланди. Унинг айтишича, мурожаат қилган қизнинг онаси турмуш ўртоғи вафотидан сўнг уй-жойдан воз кечиш далолатномасига имзо қўйган ва бошқа шахсга турмушга чиққан.
Пулли йўллар ҳақида қонун: депутатлар нималарни мақуллади?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди. Ҳужжат йўл инфратузилмасини замон талабларига мослаштиришга қаратилган.
— Лойиҳага кўра, йўлларни режалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсир ҳисобга олинади. Қурилиш жараёнида коммуникация тармоқларини тиклаш харажатлари қопланиши шарт қилинади.
— Қонун катта ҳажмли транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш, йўл бўйида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш қоидаларини ҳам белгилайди.
— Асосий янгилик — пулли трассалар. Улар фақат шу йўналишда муқобил, бепул йўл мавжуд бўлгандагина қурилиши мумкин. Йўлдан фойдаланиш тўлови аҳоли эҳтиёжи ва иқтисодий манфаатларга мос бўлиши лозим.
Сертификат масаласига аниқлик киритилди: ўқитувчиларга йил охиригача муддат берилди
Ўзбекистонда хорижий тил ўқитувчилари B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиши шартлиги ҳақида янги буйруқ қабул қилинди. Бироқ талабни ҳали бажармаган педагогларга 2025 йил охиригача вақтинча ишлаш ҳуқуқи берилди.
— Сертификатга эга бўлмаган ўқитувчилар йил якунига қадар миллий ёки халқаро имтиҳонларда қатнашиши ва тилхат топшириши шарт. Агар мавжуд сертификат ўқув йили ичида кучини йўқотса, ўқитувчи ўша йил охиригача ишини давом эттира олади.
— Бўш ўринларни тўлдириш мақсадида хорижий тиллар йўналишидаги 3–4-курс талабалари ҳам зарур сертификатга эга бўлса, вақтинчалик ишга қабул қилиниши мумкин.
— Сертификат муддати чекланмаган ҳолатларда ҳам унинг амал қилиш даври олинган кундан бошлаб уч йил этиб белгиланди.
Вазирлик ҳудудий бошқармаларга ўқитувчилар учун қўшимча тайёрлов машғулотлари ўтказиш ва имтиҳонларда уларнинг тўлиқ иштирокини таъминлаш вазифасини юклатди.
Мирзиёев Трампга: «Нобел мукофотига сиздан кўра лойиқроқ одам йўқ»
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ етакчиси Доналд Трампни Нобел мукофотига лойиқ одам деб таърифлади. Мирзиёевга кўра, мукофотга Трампдан кўра лойиқроқ одам йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси БМТ бош қароргоҳида, ташкилот Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида Доналд Трамп билан учрашувда сўз очди.
«Албатта, сиз билан телефон суҳбатида гаплашган нарсаларимизнинг ҳаммаси амалга ошмоқда. Сизни яна бир бор дунёда 7 та низога якун ясаганингиз билан табриклашни хоҳлайман. Айниқса, бизнинг минтақамиз учун энг муҳими – Озарбайжон ва Арманистон орасидаги низога ечим топдингиз. Мен яна бир бор такрорлайман, Нобел мукофотига сиздан кўра лойиқроқ одам йўқ. Биз буни айтганмиз ва айтамиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.
Трамп Шавкат Мирзиёевни «буюк етакчи» деб таърифлади.
«Ўзбекистон президенти билан бирга бўлиш улкан шараф. Уни жуда ҳурмат қиламан. У узоқ вақтдан бери ишлаб келмоқда. Кўп йиллар, тўғрими? Тахминан 15-16 йил бўлди. Бу ҳам анчагина вақт. Бирор одам мамлакатни шунча муддат бошқара олиши учун ягона сабаб – жуда ақлли ва малакаси баланд бўлиши керак. Биз билан бирга бўлганингиз учун раҳмат. Биласизларми, у турли АҚШ маҳсулотларини сотиб олди. Уларнинг маблағлари етарли. Уларнинг нефти ҳам кўп, пули ҳам кўп. Одатда, нефт пул билан яхши чиқишади. Лекин улар мамлакат сифатида жуда яхши натижаларга эришган ва у ҳақиқатдан ҳам буюк етакчи. Сиз билан яна бирга бўлаётганим катта шараф. Раҳмат», — деди Доналд Трамп.