Мирзиёев Трампга: «Нобел мукофотига сиздан кўра лойиқроқ одам йўқ»

21:20 | 5 дақиқада ўқилади.

Доналд Трамп Ўзбекистонга нарса сотганидан мамнун. У ўзбекларни «нефти ҳам кўп, пули ҳам кўп» дея таърифлади.

Trump mirziyoyev

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ етакчиси Доналд Трампни Нобел мукофотига лойиқ одам деб таърифлади. Мирзиёевга кўра, мукофотга Трампдан кўра лойиқроқ одам йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси БМТ бош қароргоҳида, ташкилот Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида Доналд Трамп билан учрашувда сўз очди.

«Албатта, сиз билан телефон суҳбатида гаплашган нарсаларимизнинг ҳаммаси амалга ошмоқда. Сизни яна бир бор дунёда 7 та низога якун ясаганингиз билан табриклашни хоҳлайман. Айниқса, бизнинг минтақамиз учун энг муҳими – Озарбайжон ва Арманистон орасидаги низога ечим топдингиз. Мен яна бир бор такрорлайман, Нобел мукофотига сиздан кўра лойиқроқ одам йўқ. Биз буни айтганмиз ва айтамиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Трамп Шавкат Мирзиёевни «буюк етакчи» деб таърифлади.

«Ўзбекистон президенти билан бирга бўлиш улкан шараф. Уни жуда ҳурмат қиламан. У узоқ вақтдан бери ишлаб келмоқда. Кўп йиллар, тўғрими? Тахминан 15-16 йил бўлди. Бу ҳам анчагина вақт. Бирор одам мамлакатни шунча муддат бошқара олиши учун ягона сабаб – жуда ақлли ва малакаси баланд бўлиши керак. Биз билан бирга бўлганингиз учун раҳмат. Биласизларми, у турли АҚШ маҳсулотларини сотиб олди. Уларнинг маблағлари етарли. Уларнинг нефти ҳам кўп, пули ҳам кўп. Одатда, нефт пул билан яхши чиқишади. Лекин улар мамлакат сифатида жуда яхши натижаларга эришган ва у ҳақиқатдан ҳам буюк етакчи. Сиз билан яна бирга бўлаётганим катта шараф. Раҳмат», — деди Доналд Трамп.

Музокаралар якунида давлатимиз раҳбари президент Доналд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

«Сизни Ўзбекистонда кутаман. Биринчи ташриф бўлиши керак. Сиз менга биринчи бор Самарқандга боришга ваъда қилгансиз», — деди Шавкат Мирзиёев учрашув сўнггида.

Трамп эса унга Америка маҳсулотларини харид қилгани учун миннатдорлик билдирди.

«Мен уни [Самарқанд назарда тутилмоқда] яхши кўраман. Мен амалга ошириш ҳақида ўйлаяпман. Ҳақиқатан ҳам ажойиб операция, ажойиб одамлар гуруҳи, жуда ақлли мамлакат ва улар жуда яхши иш қилдилар ва мен Американинг маҳсулотларини харид қилганингиз учун миннатдорман», — деди АҚШ етакчиси.