Сайтимизда аввалроқ «UzPost» хусусийлаштирилгани ҳақида хабар берилган эди. «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг маълум қилишича, айни пайтда компания фаолиятига инвестицияларни жалб этиш масаласини кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур ташаббус почта инфратузилмасини модернизация қилиш, логистикани ривожлантириш, рақамли ечимларни жорий этиш ва тармоқни кенгайтириш, хусусан, қишлоқ ва олис ҳудудларда почта жўнатмалари ҳамда посилкаларни қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича замонавий қувватларни яратишга қаратилган.
Шунингдек, компания трансформацияси ва инвестицияларни жалб этиш жараёни унинг узоқ муддатли барқарор фаолиятини таъминлаш, етказиб бериш бозорида ўсиб бораётган хусусий операторлар шароитида рақобатбардошликни ошириш, замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш ва аҳолининг барча қатламлари, жумладан, чекка ҳудудларда яшовчилар учун универсал почта хизматларининг мавжудлигини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Бу жараён янги иш ўринлари яратиш, электрон тижоратни ривожлантириш ва мамлакат миқёсида шу йўналишдаги хизматлар сифатини оширишга ҳам туртки беради.
Ҳозир «Ўзбекистон почтаси» АЖ акциядорлари қаторида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, давлат иштирокидаги бешта корхона ҳамда 16 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар мавжуд.
Компания фаолиятида йирик инвестор иштирокини кўзда тутувчи ўзгаришлар юз берган тақдирда, бу ҳақдаги маълумотлар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ расмий тарзда эълон қилиниши таъкидланган.