«UzPost» хусусийлаштирилди: янги эгаси Россия маркетплейси бўлиши мумкин

16:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг миллий почта оператори «UzPost» хусусийлаштирилди. Мулкнинг янги эгаси сифатида Россиянинг йирик онлайн савдо платформаларидан бири тилга олинмоқда, аммо расмий тасдиқ ҳали берилмаган.

UzpostФото: Uzpost.uz

Ўзбекистондаги миллий почта алоқаси оператори — «Oʻzbekiston pochtasi» (UzPost) хусусийлаштирилгани ҳақида иқтисодчи Отабек Бакиров маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, давлат улуши «шимолий маркетплейслардан бири»га сотилган бўлиши мумкин. Бу орқали у эҳтимол Россиянинг йирик онлайн савдо майдончаларидан бирини назарда тутган. Бошқа бир тасдиқланмаган манбаларга кўра, бу Россияда сўнгги йилларда катта шов-шувлар ва қуролли тўқнашувларга сабаб бўлган «Wildberries» маркетплейси.

Бакировнинг маълумотини Spot нашрига яқин манба ҳам тасдиқлаган, аммо сотилган улуш миқдори ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Айни дамда давлат активларини бошқариш aгентлиги ҳам “UzPost” раҳбарияти хусусийлаштириш жараёнига оид маълумотни расман изоҳламаган.

Маълумки, жорий йил июн ойида «UzPost»нинг аффилланган шахслар рўйхатида катта ўзгаришлар бўлган. Рўйхатдан «Алоқабанк», Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унга тегишли 20 фоиздан ортиқ улушга эга компаниялар чиқариб ташланган.

Шунинг ўрнига аффилланганлар қаторига Давлат активларини бошқариш aгентлиги ушбу агентликка тегишли юридик шахслар ва Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси қўшилган. Ушбу уч субьект «UzPost» акцияларининг 20 фоиздан зиёд улушига эга бўлган.

Сентябр ойида аввал збекистон Миллий инвестиция жамғармасига берилиши режалаштирилган 25 фоизлик улуш Давлат активларини бошқариш aгентлиги ихтиёрига ўтказилган эди. Бу ўзгаришлар «UzPost» акцияларининг кейинчалик тўлиқ хусусийлаштиришга тайёрланаётганини кўрсатмоқда.

Ҳозирча янги эгасининг номи ошкор этилмаган бўлса-да, таҳлилчилар фикрича, Россия маркетплейсларидан бири билан стратегик ҳамкорлик ёки тўғридан-тўғри сотиб олиш битими бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу ўз навбатида Ўзбекистон почта логистика тизимида рақамли хизматлар улушини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.