Нетаняҳу Трамп ҳузурида Қатар амиридан кечирим сўради

29.09.2025 23:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Ушбу қўнғироқ ҲАМАС билан музокараларни бошлаш учун асосий талаб бўлган.

Netanyahu 2

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху телефон орқали мулоқот чоғида Қатар ҳукумати раҳбари ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдул Раҳмон Ол Сонийдан 9 сентябр куни Доҳада Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати етакчиларига зарба беришда мамлакат суверенитетини бузгани учун узр сўради. Бу ҳақда Исроил телевидениесининг 12-канали хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Исроил ҳукумати раҳбари АҚШ президенти Доналд Трамп ҳузурида Оқ уйдан қатарлик мавқедошига қўнғироқ қилган.

«Суҳбат давомида Нетаняху ушбу ҳужум натижасида Қатар хавфсизлик хизмати ходимининг ҳалок бўлганидан чуқур таъзия билдирган», – дейилади хабарда.

12-канал маълумотларига кўра, томонлар Доҳа ҳужуми учун компенсация масаласини муҳокама қилишлари мумкин, бироқ Нетаняҳунинг узр сўрашининг ўзи «муҳим қадам» деб баҳоланмоқда. Чунки бу Қатарнинг Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда воситачи сифатида иштирокини қайта тиклашнинг шарти эди. Трамп маъмурияти фикрича, Қатар воситачилиги бўлмаса, Ғазода гаровдагиларни озод қилиш ва Фаластиндаги урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш мушкул бўлади.

Нетаняху Оқ уйга келишидан олдин Трамп Қатар амири билан мулоқот қилган.

Маълумот учун, Исроил 9 сентябр куни Қатар пойтахти Доҳада ҲАМАС амалдорларига нисбатан ҳаво ҳужуми уюштирди. Axios’нинг хабар беришича, ҳужум АҚШ билан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилган.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳодисани «жиноий тажовуз» деб атади ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларининг очиқдан-очиқ бузилиши сифатида қоралади. Баёнотга кўра, ҳужум ҲАМАС Сиёсий бюроси аъзолари истиқомат қиладиган турар-жой биноларига қаратилган бўлиб, бу қатарликлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Расмий Доҳада хавфсизлик кучлари ҳодисанинг оқибатларини бартараф этиш ва тергов ишларини олиб боришга киришган.

Ўз ўрнида Исроил томонидан Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига уюштирилган ракета зарбаларини кескин қоралаганди.