Logo

Алкоголли ичимликларни реклама қилган блогер жавобгарликка тортилди

Kecha 10:241 daqiqa

Рақобат қўмитаси алкоголли ичимликларни реклама қилган блогерга нисбатан маъмурий чора кўриб, иш бўйича ҳужжатларни судга юборди.

Алкоголли ичимликларни реклама қилган блогер жавобгарликка тортилди © ncl.ac.uk

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган реклама материалларининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини ўрганиш давомида блогер Н.Собировга тегишли саҳифада алкоголли ичимлик рекламаси жойлаштирилганини аниқлади.

Қўмита маълумотига кўра, блогер ўз саҳифасида қонунчилик билан реклама қилиниши тақиқланган маҳсулотларни тарғиб қилган.

Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 38-моддасига мувофиқ, ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликларни реклама қилиш тақиқланган.

Қонунчиликда фақат пиво, табиий ва кўпикланадиган виноларни белгиланган вақт, шакл ҳамда аудиторияга оид чекловларга риоя қилинган ҳолда реклама қилишга рухсат берилган.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда алкоголли ичимликлар рекламасини ҳар қандай шаклда тарқатиш тақиқланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси реклама қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлиги учун блогер Н.Собировни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиб, тегишли ҳужжатларни судга юборган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси молиявий хизматлар рекламасида қонун талабларини бузган 20 дан ортиқ тижорат банки ва микромолия ташкилотига молиявий жарима қўллагани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid