Logo

«Ҳамма ўзидан заифга кучини кўрсатгиси келади» — курер билан можаро ортидаги муаммолар

Сўнгги пайтларда курерлар билан боғлиқ можаролар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган мавзулардан бирига айланди. Етказиб бериш хизмати ходимлари билан фуқаролар ўртасидаги тортишувлар, уларга нисбатан қўпол муомала ва мопед ҳамда скутерларнинг йўлларда ҳаракатланиши хизмат ортида турган муаммоларни ҳам кўрсатмоқда.

«Ҳамма ўзидан заифга кучини кўрсатгиси келади» — курер билан можаро ортидаги муаммолар

Яқинда Тошкентнинг Юнусобод туманида 20 ёшли курер билан кўп қаватли уй қоровули ўртасида можаро юз берганди. Иш судга оширилиб, 52 ёшли қоровул Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси бўйича айбдор деб топилган ва унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.

Орадан кўп ўтмай, Тошкентнинг Миробод туманида ҳам курер билан ресторан ходими ўртасида можаро юз берди. Воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, курерларга муносабат ва пиёдалар йўлакларидан фойдаланиш масаласини яна кун тартибига олиб чиқди.

Воқеа қандай бўлганди?

2026-йил 17-октябр куни Миробод туманидаги Brasserie Park ресторани олдида 17 ёшли курер С.Р билан ресторан ходими М.Й ўртасида можаро юз берди. Воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, катта резонанс олди.

Маълум бўлишича, ресторан олдидаги пиёдалар йўлагига стол-стуллар қўйилган. Курер шу жойдан скутерда ўтиш мумкинми, деб официантдан сўраган. Официант унга йўлакдан юраверишини айтган. Бироқ курер ҳаракатланишни бошлаганида, бошқа ходим уни тўхтатиб, скутердан тушиши ва уни етаклаб ўтишини талаб қилган.

Шундан сўнг томонлар ўртасида тортишув бошланган. Эркак курерга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб, уни сўккан ва шапалоқ уриш билан таҳдид қилган. Шунингдек, йигитга «Бу ердан йўқол», дея дағдаға қилган. Курер эса буни тўғри тушунтириш мумкинлигини айтиб, узр сўраган.

Видеода эркак курернинг скутерда пиёдалар йўлагидан ўтишига қарши чиққани акс этган.

Жамоатчилик фаоллари қандай фикрда?

Можаро ижтимоий тармоқларда курерларга муносабат, пиёдалар йўлакларидан фойдаланиш ва шаҳар инфратузилмаси юзасидан турли фикрларни келтириб чиқарди.

Жамоатчилик фаоли Қобил Хидиров эса низога умумийроқ баҳо бериб, кучлироқ одамнинг ўзидан заифга босим ўтказишни танқид қилди.

«Ҳамма ўзидан заифга кучини кўрсатгиси келади», — дея фикрини билдирган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров курерларга бўлган муносабат танқид қилиниб, уларнинг турли вазиятларда айбдор сифатида кўрилиши ҳақида фикр билдирди.

«Курерларга қандай муносабатда бўлиняптики, улардан ҳурмат кутиш мумкин? Ўтирса ҳам курер айбдор, турса ҳам курер. Шилинган ҳам курер, таланган ҳам курер», — дея изоҳ қолдирган.

Жамоатчилик фаоли Лазиз Ҳамидов кафе ва ресторанларнинг пиёдалар йўлакларини эгаллаши одамлар учун ноқулайлик туғдираётганини таъкидлайди.

«Кўплаб кафе ва ресторанлар пиёдалар йўлагини оғир конструкциялар билан ўраб, одамларни ўз йўлидан юришга ҳам ҳижолат қилмоқда. Пиёдалар кафеларни айланиб ўтишга мажбур бўлмаслиги керак. Ташқи айвонлар учун йўлакни тўсмайдиган енгил конструкциялардан фойдаланиш лозим», — дейди Ҳамидов.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев  эса воқеа ортидан муаммонинг кенг муҳокамага чиқиши ва жамоатчилик назоратининг аҳамиятига эътибор қаратган.

«Давлат шу вақтгача кўрмаган ёки кўришни истамаган муаммони бир курер ўзининг битта видеоси билан ҳал қилиб берди. Скутер минган ва камераси бор бир курер бир неча ўн миллион сўм маош оладиган минглаб ходимлари бор давлат аппаратидан самаралироқ ва қудратлироқ бўлиб чиқди. Курерлар — куч! Чинакам жамоатчилик назорати — куч! Очиқлик ва ошкоралик — куч!» — деб ёзади у.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кафелар йўлакларни эгаллаши пиёдаларнинг хавфсизлигига таҳдид солаётганини таъкидлаган.

«Тротуарни эгаллаб, тўсиб олгани учун машиналар ғизиллаб ўтиб турган катта йўлга чиқиб, айланиб ўтасан. Ҳокимият қандай қилиб шунақа нарсаларни курер олиб чиқмагунча кўрмайди? Пиёдалар, ногиронлар аравачасидагилар ва болалар аравачаси билан юраётганлар ҳаёти хавф остида қолишига қандай кўз юмади?» — дея изоҳ қолдирган.

Яна бир тармоқ фойдаланувчиларидан бири ресторан йўлакни эгаллаган бўлса ҳам, бу скутерларнинг пиёдалар йўлагида юришига асос бўла олмаслигини таъкидлайди.

«Йўлакни ким эгаллаганидан қатъи назар, ресторан ўз ҳудуди учун жавобгар, скутер эса автомобил йўлидан бошқа жойда юрмаслиги керак», — деб ёзади у.

Курерлар билан боғлиқ можаролар уларнинг шаҳарда ҳаракатланиши ва бунинг учун зарур шароитлар масаласини ҳам кўтармоқда. Хусусан, 2026-йил 1-январдан А1 тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаби жорий этилган бўлса-да, улар учун қулай шароит яратиш масаласи очиқ қолмоқда. Vaqt.uz аввалроқ ушбу мавзуни батафсил ўрганган эди.

Жамоатчилик фаоллари томонидан билдирилган фикрларда курерларга муносабатдан тортиб, пиёдалар йўлакларидан фойдаланиш ва жамоатчилик назоратигача бўлган масалалар кўтарилган. Уларнинг барчаси шаҳар кўчаларида одамларнинг хавфсиз ва эркин ҳаракатланиши учун масъулият кимнинг зиммасида экани ҳақидаги муҳокама билан боғлиқ.

Пиёдалар йўлаги пиёдаларга қайтарилди

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларда пиёдалар йўлакларининг кафе ва ресторанлар томонидан эгалланишига ҳам тўхталди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам Миробод туманидаги «Мовий гумбазлар» хиёбонида ёзги майдонча жойлаштирилиши юзасидан текширув ўтказилганини маълум қилди.

1

Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳокимлик хабарига кўра, текширув давомида ҳудуддан фойдаланиш қоидалари бузилгани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган. Ҳудуд қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолга келтирилган. Ҳокимлик эълон қилган суратларда ресторан стол-стуллари пиёдалар йўлагидан олиб ташланганини кўриш мумкин.

2

Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

 

Расмий баёнотда пиёдаларнинг эркин ҳаракатланиши ва хавфсизлиги муҳимлиги алоҳида таъкидланган. Ҳокимлик аҳоли ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларига риоя этилиши, жамоат жойлари эса пиёдалар учун очиқ қолиши кераклигини билдирган.

3

Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар ҳуқуқларига риоя этиш, белгиланган қоидаларга амал қилиш ҳамда келишмовчиликларни ўзаро ҳурмат асосида ҳал этишга чақирган.

Ресторан ходими курердан узр сўради

Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан ресторан ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан «майда безорилик» бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилганини билдирди. Тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.

Шундан сўнг ресторан ходими қилган ишидан чин дилдан пушаймон эканини билдириб, курердан узр сўраган.

Воқеа жамоатчилик эътиборини нафақат курерларга бўлган муносабатга, балки пиёдалар йўлакларидан фойдаланиш ва шаҳарда ҳаракатланиш учун яратилган шароитларга ҳам қаратди.

Мирободдаги можаро бир курер билан ресторан ходими ўртасидаги тортишувдан кўра анча кенгроқ муаммони очиб берди. Пиёдалар учун ажратилган йўлаклар қанчалик ҳимояланган? Агар одамлар йўлакни эгаллаган стол-стулларни айланиб ўтиш учун автомобиллар ҳаракатланаётган йўлга чиқишга мажбур бўлса, бу шунчаки ноқулайлик эмас, балки хавфсизлик масаласидир.

Шаҳар кўчалари фақат автомобиллар ва тадбиркорлар учун эмас. Пиёдалар, жумладан, болалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳам йўлаклардан тўсиқларсиз фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқни таъминлаш эса фақат фуқароларнинг ўзаро келишувига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак.

Ҳокимлик ва масъул идоралар қоидабузарликларни можаро ёки ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кейингина эмас, мунтазам назорат орқали аниқлаши лозим. Пиёдалар йўлаги ўз вазифасини бажариши, одамлар хавфсиз юриши учун очиқ бўлиши, ундан ҳамма тўсиқларсиз фойдаланиши шарт. Чунки шаҳар қулайлиги кимнингдир эркинлигини бузиш ҳисобига таъминланмаслиги керак.

Teglar

Mavzuga oid