Ўзбекистонликлар ўқиш учун қайси давлатларни танлаётгани маълум қилинди
2026 йил бошида Ўзбекистондан ўқиш учун хорижга чиққанлар сони ўтган йилга нисбатан 23,6 фоизга камайди.
© Statistika qo‘mitasi2026 йилнинг январ–феврал ойларида Ўзбекистон фуқароларининг хорижга таълим олиш мақсадида сафарлари сезиларли даражада қисқаргани қайд этилди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу даврда жами 3 964 нафар фуқаро чет элга ўқиш учун чиққан.
Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 минг нафарга кам бўлиб, 23,6 фоизлик пасайишни ташкил этган. Бу эса талабалар оқимида муайян ўзгаришлар кузатилаётганини англатади.
Оммабоп йўналишлар
Ўзбекистонликлар орасида таълим олиш учун энг оммабоп йўналишлар ўзгаришсиз қолган. Хусусан, Россия биринчи ўринни эгаллаб, бу давлатга 989 нафар талаба йўл олган.
Иккинчи ва учинчи ўринларда мос равишда Жанубий Корея (679 нафар) ва Қирғизистон (639 нафар) қайд этилган. Шунингдек, Туркияга 300 нафар, Тожикистонга 276 нафар ва Хитойга 252 нафар фуқаро ўқиш мақсадида сафар қилган. Қолган 829 нафар фуқаро эса бошқа давлатларни танлаган.
Эслатиб ўтамиз, «Quacquarelli Symonds» ёки «The Times Higher Education» рейтинглари бўйича дунёдаги Top-300 университетлар рўйхатига кирган хорижий олий таълим муассасаларига қабул қилинган Ўзбекистон фуқароларига бир йилга 20 минг долларгача таълим кредити берилади.





