Top-300 хорижий университетларга кирган талабаларга таълим кредити берилади

04.03.2026 | 16:522 дақиқа

Дунёнинг тop-300 университетларига қабул қилинган ўзбекистонлик талабаларга бир йилга 20 минг долларгача таълим кредити берилади.

Top-300 хорижий университетларга кирган талабаларга таълим кредити берилади

Ўзбекистонда дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олишни истаган ёшлар ва педагоглар учун янги молиявий қўллаб-қувватлаш тизими ишга туширилди. Ҳукумат қарори билан Top-300 таликка кирган хорижий олий таълим муассасаларига қабул қилинган талабаларга имтиёзли таълим кредити ажратиш тартиби тасдиқланди.

Янги тартибга кўра, кредитлар Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилади. Низом имтиёзли таълим кредитини ажратиш, ундан фойдаланиш ва уни қайтариш тартибини белгилаб беради. Бу механизм Ўзбекистон фуқароларининг халқаро нуфузли университетларда таҳсил олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Университетлар қайси рейтинг бўйича белгиланади?

Имтиёзли кредит «Quacquarelli Symonds» ёки «The Times Higher Education» рейтинглари бўйича дунёдаги Top-300 университетлар рўйхатига кирган хорижий олий таълим муассасаларига қабул қилинган Ўзбекистон фуқароларига берилади. У бакалавриат ва магистратура босқичларида таҳсил олиш учун ажратилади.

Кредит миқдори бир ўқув йили учун 20 минг долларгача белгиланган бўлиб, маблағ миллий валютада ажратилади. У асосан талабаларнинг контракт тўловларини қоплашга йўналтирилади.

Кредит қачондан тўланади?

Кредитнинг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугаганидан кейин 7 ой ўтгач қайтарила бошлайди. Қарзни тўлаш муддати 7 йил қилиб белгиланган.

Кредит олиш учун керакли ҳужжатлар

Кредит олиш учун талабалар ва педагоглар банкка ариза, шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, биринчи курс учун қабул хати, иккинчи курсдан бошлаб академик ўзлаштириш натижалари, контракт шартномаси ва университет банк реквизитлари кўрсатилган инвойсни тақдим этиши лозим.

Шунингдек, биргаликда қарз олувчиларнинг сўнгги 12 ойлик даромадлари ҳақида маълумот тақдим этилиши талаб қилинади. 30 ёшдан ошган педагоглар учун эса меҳнат дафтарчасидан кўчирма ҳам илова қилиниши шарт.

Таьлим кредити бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг амалдаги асосий ставкаси миқдорида белгиланган бўлиб, ҳозирда у 14 фоизни ташкил қилади.

Теглар

Мавзуга оид