Logo

1 фоизлик кэшбэк тизимини бекор қилиш ёки уни чеклаш режалаштирилмаган — Солиқ қўмитаси

Бугун 19:512 дақиқа

Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кешбекка оид хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

1 фоизлик кэшбэк тизимини бекор қилиш ёки уни чеклаш режалаштирилмаган — Солиқ қўмитаси

Ўзбекистонда давлат томонидан жорий этилган 1 фоизлик кэшбэк тизимини бекор қилиш ёки унинг амал қилишини чеклаш мақсад қилинмаган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Бундан олдин Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, фискал таҳлиллар институти харид чекини рўйхатдан ўтказган шахсларга 1 фоизлик кэшбэк қайтариш амалиётини тўхтатишни ва унинг ўрнига хавф юқори бўлган соҳаларда давлат лотереяларини жорий этишни таклиф қилган эди. Институт ўз таклифини давлат бюджети харажатларининг кескин ошиб бораётгани ва сохта чеклар шакллантириш схемалари кузатилаётгани билан изоҳлаган. Уларнинг маълумотларига кўра, кэшбэк тўловлари ҳажми 2022 йилдаги 820 миллиард сўмдан 2026 йилда 1,8 триллион сўмга етиши прогноз қилинмоқда.

Солиқ қўмитаси эса мазкур рағбатлантириш механизми аҳолининг харид маданиятини ошириш, фискал интизомни мустаҳкамлаш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилаётган муҳим воситалардан бири эканини таъкидлади.

«Аниқланган ҳолатлар кэшбэк тизимининг ўзига эмас, балки ундан ноқонуний манфаат кўришга уринган айрим шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳаракатларига тегишлидир. Мақсад – кэшбэк тизимини тўхтатиш эмас, балки унинг адолатли ва манзилли ишлашини таъминлашдан иборат», - дейилади хабарда.

Сохта чеклар ва тўхтатилган тўловлар

Қўмита баёнотига кўра, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этилган айрим маҳсулотлар (гўшт, тухум, ёғ, ун, шакар, дори воситалари ва тиббий хизматлар) учун тўланган ҚҚС суммасини тўлиқ (12 фоизлик кэшбэк) қайтариб олиш тизимидан ғоразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, май ойининг ўзида 389 та корхонадан сохта чеклар орқали ҚҚСни қайтариб олмоқчи бўлган 248,5 минг нафар шахс шубҳали харидорлар реестрига киритилиб, 83,1 миллиард сўмлик кэшбэк суммаларини тўлаш вақтинча тўхтатилган.

Жорий йилнинг апрел-май ойларида ҳудудлар кесимида қуйидаги маблағлар ушлаб қолинган ва фуқароларга тўлаб берилмаган:

- Навоий вилоятида 13 та МЧЖга тегишли ОНКМ чеклари орқали 105 524 нафар фуқаро томонидан рўйхатдан ўтказилган 34,8 миллиард сўм;
- Фарғона вилоятида 5 та МЧЖга тегишли ОНКМ чеклари орқали 95 минг нафар фуқаро томонидан рўйхатдан ўтказилган 38,3 миллиард сўм кэшбэк суммасидан 34,4 миллиард сўми;
- Андижон вилоятида 100 458 нафар фуқаро томонидан рўйхатдан ўтказилган 34,1 миллиард сўм кэшбэк суммасидан 23,8 миллиард сўми.

Бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида фуқаролардан фақат ўзлари амалга оширган харидлар чекларини рўйхатдан ўтказиш сўралмоқда.

«Сохта чеклар орқали бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида «Soliq» иловасида фақат ўзингиз амалга оширган харидингиз учун берилган харид чекларини рўйхатдан ўтказинг, бошқа шахслар томонидан тақдим этилган харид чекларини рўйхатдан ўтказманг», - дейилади хабарда.

Теглар

Мавзуга оид

1 фоизлик кэшбэк тизимини бекор қилиш ёки уни чеклаш режалаштирилмаган — Солиқ қўмитаси | Vaqt.uz