add

Асосий ставка масаласи: иқтисодчилар эртанги қарори ҳақида нима дейди?

Кеча 20:183613 дақиқа

Марказий банк 11 декабр куни, яъни эртага асосий ставкани эълон қилади. Vaqt.uz бир нечта иқтисодчиларнинг ушбу масала юзасидан билдирган фикр ва мулоҳазаларини жамлади.

Асосий ставка масаласи: иқтисодчилар эртанги қарори ҳақида нима дейди?

11-декабр куни (эртага) Марказий банк асосий ставкани эълон қилади. Охирги марта 24 октябрда бўлиб ўтган йиғилишда инфляция хавфлари, инфляцион кутилмалар юқорилиги ва нархлар кўтарилиши эҳтимоли инобатга олинган ҳолда асосий ставка 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилган эди.

Маълумот учун, асосий ставка охирги марта 2025 йил 20 мартда 0,5 фоиз бандга оширилган. Шундан бери ставкада ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ.

Vaqt.uz бир нечта иқтисодчиларнинг асосий ставка бўйича эртанги қарори ҳақидаги прогнози ва мулоҳазаларини тўплади.

bakriov


Иқтисодчи Отабек Бакиров фикри

Иқтисодчи Отабек Бакиров ставка 60 фоиз эҳтимол билан ўзгаришсиз қолиши, 40 фоиз эҳтимол билан эса 0,5 фоиз бандга пасайиши мумкинлигини таъкидлади. 

Унга кўра, қулай ташқи конъюнктура (ошаётган олтин ва мис нархи, импортнинг маъмурий жиловланиши) ҳамда сўм мустаҳкамланаётганига қарамай, ички омиллар барибир эҳтиёткорликни талаб қилади. Хусусан, кредит каналлари яна фаоллашмоқда, фискал рағбатлантириш давом этмоқда. Декабр–февралда энергетикадаги нобарқарорлик ва энергия нархлари таъсири ҳам инобатга олинса, пул-кредит шароитларини қаттиқ ушлаб туриш мақсадга мувофиқ. Бакировнинг фикрича, асосий ставкани баҳоргача ўзгаришсиз қолдириш тўғри бўлади.

Иқтисодчи Баҳодир Ғаниев фикри

Бугунги кунда инфляция 10 фоиздан паст, Марказий банкнинг 14 фоизлик ставкаси эса юқори даражада. Бу асосан инфляцияни жиловлаш ва пул массасининг кескин ўсиб кетишини чеклаш учун қўлланилади. Бироқ бундай юқори ставка иқтисодий ўсишни, айниқса хусусий сектор фаоллигини секинлаштиради.

Ғаниевнинг тахминича, эртага ставка пасайтирилиши мумкин. Лекин Марказий банк одатда ставкани бир мартада 2–3 фоизга туширмайди — энг кўпи 1 фоиз ёки ярим фоиздан босқичма-босқич туширади.

У иқтисоддаги инқирозсимон жараёнлар, ташқи бозорларда сотув билан боғлиқ қийинчиликлар, юқори тилла нархи орқали олинаётган қўшимча даромадлар каби омилларни ҳисобга олган ҳолда, ставкани камида 1 фоизга тушириш эҳтимоли бор, деб ҳисоблайди.

Унингча, оптимал ставка бугунги шароитда 10–11 фоиз атрофида бўлиши керак. Бу иш ўринлари яратилишини рағбатлантириши, бизнес фаоллигини ошириши ва аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун кредитдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаши мумкин.

4


Иқтисодчи Фозил Додиев фикри

Менимча, Марказий банк асосий ставкани ўзгартирмайди. Аммо инфляция даражасини тушириш учун асосий ставкани ошириш лозим. Чунки Марказий банк олдига инфляцияни 5 фоизга тушириш вазифаси қўйилган. 

Унинг фикрича, асосий ставка амалда бозордаги фоиз ставкаларини кескин ўзгара олмайди, чунки пул-кредит сиёсати трансмиссия механизми самарали ишламайди.

Додиев таъкидлайдики, ставка пасайиши фақат макроиқтисодий барқарорлик таъминланганидан кейингина ижобий натижа беради. Агар инфляция пасайса ва асосий ставка шунга мос равишда камайтирилса, бу тадбиркорлар ва аҳоли учун кредитларнинг мавжудлигини оширади. Аммо ҳозирги шароитда инфляция, асосий ставка ва бозор фоиз ставкалари ўртасида катта фарқ бор.

Иқтисодчиларнинг умумий фикрига кўра, эртанги қарор инфляция динамикаси, бозордаги фаоллик ва ташқи иқтисодий шароитларга боғлиқ бўлади.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 16

Барчаси

Мавзуга оид

Асосий ставка масаласи: иқтисодчилар эртанги қарори ҳақида нима дейди? | Vaqt.uz