Ўзбекистонда 9 ойда олийгоҳларда 5,1 мингта янги талаба ўрни яратилди
Мамлакатдаги олий таълим муассасаларида қўшимча ўринлар ташкил этилиб, ҳудудлар бўйича энг кўп янги талаба ўринлари Наманган ва Андижон вилоятларига тўғри келди.
© Ijtimoiy tarmoqlarМиллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ—сентябр ойларида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида 5 100 та янги талаба ўринлари фойдаланишга топширилди.
Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида энг катта улуш Наманган вилоятида қайд этилиб, бу ерда 2 000 та янги талаба ўрни яратилди.
Шунингдек, Андижон вилоятида 1 800 та, Самарқанд вилоятида эса 1 000 та ўрин фойдаланишга топширилди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 300 та қўшимча ўрин ташкил этилгани маълум қилинди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилида мамлакат бўйлаб олий таълим муассасаларига 381,7 минг талаба қабул қилинган. Бу кўрсаткич 2020/2021 ўқув йилидагидан 2,2 баробарга ортган.





