add

НКМК 2025 йилда 100 тоннага яқин олтин ишлаб чиқарди

Навоий кон-металлургия комбинати томонидан ишлаб чиқарилган олтин ҳажми 2024 йилга нисбатан бир неча тоннага ошди.

НКМК 2025 йилда 100 тоннага яқин олтин ишлаб чиқарди

Навоий кон-металлургия комбинати 2025 йил якунлари бўйича 98,2 тонна олтин ишлаб чиқарди. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги 96,1 тоннага нисбатан юқори бўлиб, мамлакат олтин саноатида барқарор ўсиш сақланаётганини кўрсатади.

2

Ишлаб чиқарилган олтиннинг умумий қиймати 135,6 трлн сўмни, ёки тахминан 11,25 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 2,8 трлн сўмга ёки 2,1 фоизга кўпдир. Асосий ўсиш омилларидан бири сифатида 2025 йил давомида жаҳон бозорларида олтин нархининг сезиларли даражада қимматлаши қайд этилмоқда.

Комбинат фаолиятида бошқа муҳим иқтисодий кўрсаткичлар ҳам ижобий бўлди. Хусусан, йил давомида инвестиция дастурлари доирасида 561 млн долларлик маблағ ўзлаштирилди. Ушбу инвестициялар ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва технологик самарадорликни оширишга йўналтирилди.

Жалб қилинган маблағлар ҳисобидан тўртта янги тегирмон блоки ишга туширилди. Натижада комбинатдаги умумий тегирмонлар сони ўн иккитага етказилди.

Маълумот учун, НКМК 2024 йилда 96,1 тонна олтин ишлаб чиқариб, дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири сифатида эътироф этилган эди. Комбинатга 2008 йилдан бери Қувондик Санақулов раҳбарлик қилиб келмоқда.

НКМК 2025 йилнинг биринчи ярмида қарийб 48 тонна олтин ишлаб чиқарди. Компания бу даврда 1,5 млрд доллардан ортиқ соф фойда олган. НКМКнинг 100 фоиз улуши давлатга тегишли бўлиб, у Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тасарруфида ҳисобланади.

Аввалроқ 2026 йил давлат бюджетининг 20 фоизини Навоий кон-металлургия комбинати тўлдириши режалаштирилгани ҳақида хабар бергандик.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 66,3 млрд долларга етиб, рекордни янгилади.

Теглар

Мавзуга оид