Logo

«Ўзбекистон ёшлар лигаси» платформаси ишга туширилади

Бугун 17:401 дақиқа

Юқори балл тўплаган ёшларга таълим, тадбиркорлик, иш фаолияти ва уй-жой масалаларида қатор имтиёзлар берилади.

«Ўзбекистон ёшлар лигаси» платформаси ишга туширилади © Foto: Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистонда «Ўзбекистон ёшлар лигаси» платформаси ишга туширилади. Бу ҳақда 30-июн куни Шавкат Мирзиёев ёшлар билан ўтган учрашувида маълум қилди.

Янги тизимга кўра, ёшлар ўз ютуқ ва натижаларини платформага жойлаштиради. Ушбу маълумотлар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўрганилиб, иштирокчиларга махсус балл берилади.

Юқори натижа қайд этган ёшларга таълим грантлари, контракт тўловлари учун чегирмалар, «касб ваучери», хорижда таълим олиш харажатларини қоплаш каби имкониятлар тақдим этилади. 

Қўшимча имтиёзлар

Шунингдек, уларга имтиёзли тадбиркорлик кредитлари, акселератор дастурларида иштирок этиш, хорижий стажировка ўташ, давлат хизмати учун кадрлар захирасига киритилиш ҳамда уй-жой харид қилиш учун имтиёзли ипотека ажратиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, йил якунида энг юқори натижаларга эришган ёшлар тантанали равишда тақдирланади.

Президентнинг таъкидлашича, «Ўзбекистон ёшлар лигаси” мактаб ва техникум ўқувчилари, маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари талабалари, илм-фан билан шуғулланаётган ёшлар, давлат ва хусусий секторда фаолият юритаётган йигит-қизлар ҳамда хориждаги ватандошлар фарзандларини бирлаштирадиган умумхалқ ҳаракатига айланиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 30-июн — Ёшлар куни муносабати билан бир гуруҳ ёшларни мукофотлаш бўйича Президент фармони қабул қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид