Ўзбекистонда 175 млн сўмдан ортиқ пул ўтказмаларни назоратга олинади
Шунингдек, вояга етмаганлар ҳисобига 16,5 млн сўмдан ортиқ пул келиб тушса ёки ечиб олинса, бу шубҳали операция сифатида баҳоланиши мумкин.
© statuzЎзбекистонда банклар 175 миллион сўмдан юқори айрим операциялар бўйича мижозларни текшириш талабларини кучайтиради. Адлия вазирлиги 8 май куни Марказий банк бошқаруви ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тегишли қарорини рўйхатдан ўтказди. Унда ФАТФ — жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши молиявий чоралар ишлаб чиқиш гуруҳи тавсиялари асосида йирик транзаксиялар устидан мониторингни кучайтириш назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, банк ҳисобварағи очмасдан амалга ошириладиган операцияларда текширув чегараси амалдаги 206 миллион сўмдан 175 миллион сўмга туширилмоқда. Бу суммадан юқори операцияларда банклар мижозларни “лозим даражада текшириши” шарт бўлади.
Шунингдек, 10,3 миллион (БҲМнинг 25 баравари) сўм ва ундан юқори бўлган ички пул ўтказмаларида жўнатувчи ва қабул қилувчи ҳақида қўшимча маълумотлар талаб қилинади. Жумладан, жисмоний шахслар учун яшаш манзили ва туғилган санаси, юридик шахслар учун эса СТИР маълумотлари илова қилиниши керак бўлади. Илгари бу талаб фақат 12,6 миллион сўмдан юқори электрон ўтказмалар учун амал қилган.
Янги қоидаларга кўра, 16 ёшга тўлмаган шахслар ҳисобварағида 16,48 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳаракати икки иш куни ичида шубҳали операция сифатида баҳоланади.
“Шубҳали” операцияларга ФАТФ'нинг кучайтирилган мониторинги остидаги мамлакатлардан камида БҲМнинг 1000 баравари (412 млн сўм) миқдоридаги маблағларни олиш ёки бундай маблағларни ушбу мамлакатларга юбориш киради. Бир марталик транзаксия ҳам, 30 кун ичида бир нечта пул ўтказмалари ҳам мувофиқ келади.
Шубҳали операция аниқланганда, банклар 10 иш куни ичида операция иштирокчилари ҳақида маълумот тўплаши, маблағ манбасини таҳлил қилиши ва мижознинг молиявий профилига мослигини баҳолаши лозим бўлади.
Янги тартиб ҳужжат эълон қилинганидан уч ой ўтгач — 9 августдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вақт.уз айнан шу ҳужжат билан банклардан паспортсиз 500 долларгача валюта олиш мумкин бўлиши ҳақида хабар берган эди.





