
Ўзбекистонда «Формула-1» пойгалари босқичини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев FIA раҳбарияти билан учрашиб, автоспортни ривожлантириш ва келгусида «Формула-1» босқичини Ўзбекистонда ўтказиш истиқболларини муҳокама қилди.

Бугун, 9 декабр куни Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро автомобил федерациясининг (FIA) Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Бош ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган ушбу нуфузли ташкилот президенти Муҳаммад бин Сулайм бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда делегация таркибида FIA Сенати президенти Кармело Санс де Баррос ҳамда мобиллик ва туризм бўйича вице-президенти Тим Ширман ҳам иштирок этди.
«Автоспортни тартибга солувчи ва йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб қилувчи ушбу глобал ташкилот билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Мамлакатимизда автомобил спортининг картингдан тортиб, то «Формула» пойгаларигача бўлган барча йўналишларини ривожлантиришда яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди», -дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, учрашувда FIA университетининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўзбекистонлик пойгачилар, картинг ҳайдовчилари, муҳандислар, конструктор ва механикларни тайёрлаш, Ўзбекистонда замонавий автоспорт инфратузилмасини яратиш, пиёда ва транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш ҳамда мазкур халқаро ташкилот шафелигида халқаро мусобақалар, аввало, «Формула-1» босқичларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашув якунида давлат раҳбари FIA билан ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда автоспортни халқаро стандартларга мувофиқ оммалаштиришга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун FIA раҳбарига Ўзбекистоннинг юксак мукофоти – «Дўстлик» орденини топширган.
«Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон 2019 йилдан буён федерациянинг фаол аъзоси ҳисобланади. Ўтган йили Самарқандда FIA 120 йиллигига бағишланган навбатдан ташқари Бош ассамблеяси бўлиб ўтган эди. Бу йилги тадбир доирасида 12 декабр куни «Humo Arena» мажмуасида юқори мартабали хорижий меҳмонлар ва чемпион пойгачилар иштирокида энг намунали спортчилар ва жамоаларни тақдирлаш маросими ўтказилади», - дейилади хабарда.





