
Ўзбекистонда ҳафта давомида илиқ об-ҳаво сақланиб туради
Ҳафтанинг иш кунларида мамлакат бўйлаб илиқ об-ҳаво сақланиб, ҳарорат кундузи +19...+22 даража атрофида бўлади.

Ўзбекистонда ҳафтанинг иш кунларида ҳаво ҳарорати илиқ даражада сақланиб туради, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.
Бугун ва эртага ҳаво ҳарорати кундузи +19...+22 даража илиқ атрофида бўлади. Ҳафтанинг ўрталарига келиб ҳарорат сезиларли бўлмаган даражада пасаяди, ва республика ҳудудининг асосий қисмида +15...+18 даража илиқ атрофида бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +3...+8 даража илиқ бўлади.
Бу кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 19-20 ноябрда республиканинг тоғли ҳудудларида айрим жойларда ёмғир, баланд тоғли ҳудудларда қор ёғиши мумкин
Майин шамол шарқдан бироз эсиб туради.
Пойтахт Тошкентда эса ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 17-18 ноябрда кундузи +19...+21 даражагача кўтарилади. 19-21 ноябрда эса кундузи ҳарорат +16...+18 даража илиқ атрофида бўлади. Кечаси эса ҳарорат асосан +6...+8 даража илиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 17 ноябр куни Ўзгидромет пойтахтда майда заррачалар миқдори меъёрдан кескин ошганини билдириб, бу ҳолат бир неча кун давом этишини маълум қилди.





