
Тошкентда ҳаво сифати яна кескин ёмонлашди
Ўзгидромет пойтахтда майда заррачалар миқдори меъёрдан кескин ошганини билдириб, бу ҳолат бир неча кун давом этишини маълум қилди.

Тошкент шаҳрида якшанба куни ҳаво сифати яна тез суръатда ёмонлаша бошлади. Бир неча кун давомида нисбатан барқарор бўлган кўрсаткичлар 20:00 ҳолатига келиб кескин пасайди. Ўзгидрометнинг автоматлаштирилган мониторинг станциялари қайд этишича, ҳаводаги PM10 туридаги дисперсли заррачалар миқдори 373 mkg/m3 ни ташкил этди. Бу эса рухсат этилган максимал концентрациядан 20 фоиз юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Шу билан бирга, аҳоли саломатлиги учун энг хавфли ҳисобланган PM2.5 заррачалари даражаси янада юқори бўлди. Ушбу кўрсаткич 202 mkg/m3 га етди ва бу рухсат этилган меъёрдан 3,4 марта ортиқ.
Ўзгидромет маълумотига кўра, бу ҳолат атмосферадаги кескин ҳарорат ўзгариши билан боғлиқ. Ҳароратнинг кескин ўзгариши инверсия жараёнини келтириб чиқарган, бу эса майда заррачаларнинг тўпланишига ва атмосфера ҳавосидаги концентрациясининг ошишига олиб келган.
Бундай метеорологик шароитлар республиканинг кўплаб ҳудудларида кузатилмоқда ва яқин бир неча кун давомида сақланиб қолиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, аҳоли ва меҳмонларга эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилмоқда. Жумладан, очиқ ҳавода узоқ вақт бўлмаслик, ниқобдан фойдаланиш, айниқса кекса инсонлар, болалар ва нафас йўллари касалликлари бор шахслар учун эҳтиёткорлик муҳим экани қайд этилди.





