Россиядаги ўзбекистонлик маҳбуслар жазони ватанда ўташни сўради

Бугун 10:252 дақиқа

Бош консулхона ходимлари Россия ва Ўзбекистон ўртасида маҳкумларни жазони ўташ учун ўзаро топшириш бўйича икки томонлама шартнома мавжуд эмаслигини маълум қилди.

Россиядаги ўзбекистонлик маҳбуслар жазони ватанда ўташни сўради © nova24.uz

Россиянинг Сахалин областида жазо муддатини ўтаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик маҳбуслар жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташ истагини билдирди. Бу масала Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатларининг хизмат сафари давомида муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида дипломатлар Сахалин областида жойлашган 1-сонли жазони ижро этиш муассасасига бориб, у ерда сақланаётган 11 нафар Ўзбекистон фуқароси билан учрашди. Суҳбатлар давомида маҳбусларнинг яшаш шароитлари, уларга яратилган имкониятлар ҳамда умумий ҳолати ўрганилди.

Ҳарбий таклифлар масаласи

Учрашув вақтида маҳбусларга нисбатан мажбурий меҳнат, босим ёки қийноқ ҳолатлари бор-йўқлиги ҳақида ҳам саволлар берилган. Шу билан бирга, уларнинг Россия Мудофаа вазирлиги орқали Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилаётгани ёки йўқлиги ҳақида ҳам аниқлик киритилган.

Маҳбуслар бундай ҳолатлар кузатилмаганини билдирган. Бироқ уларнинг айтишича, Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари муассасага вақти-вақти билан ташриф буюриб, маҳбусларга ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш эвазига судланганликни бекор қилиш ҳамда юқори миқдорда ойлик маош олиш ҳақида маълумот беради.

Қонунчилик чекловлари бор

Шу муносабат билан дипломатлар Ўзбекистон фуқароларини хориж давлатлари ҳарбий тузилмалари ёки қуролли тўқнашувларида иштирок этиш қонунчиликка зид экани ҳақида огоҳлантирди. Уларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси — «Ёлланиш» моддаси бўйича жиноий жавобгарлик мавжудлиги тушунтирилди.

Учрашув якунида маҳбуслар яқинларини соғинишини билдириб, жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташ бўйича амалий ёрдам сўради. Бироқ Бош консулхона ҳозирча Россия ва Ўзбекистон ўртасида маҳкумларни ўзаро топшириш бўйича икки томонлама келишув мавжуд эмаслигини маълум қилди.

Аввалроқ VAQT.UZ Россияда қамалган урушга олиб кетилаётган ўзбек ёшларини ватанга қайтариш масаласига бағишланган суҳбат тайёрлаган эди.

Теглар

Мавзуга оид