Logo

Тошкентдаги «Мовий гумбазлар» боғи мутолаа маданиятига ихтисослашган жамоат маконига айлантирилади — ҳоким

Бугун 17:102 дақиқа

Пойтахтдаги 585 та маҳаллада китобхонлик бурчаклари ташкил этилади, 12 та туманда замонавий кутубхоналар қурилади. «Мовий гумбазлар» боғида эса кеча-ю кундуз фаолият юритадиган «Китоб кўчаси» ташкил этиш режалаштирилган.

Тошкентдаги «Мовий гумбазлар» боғи мутолаа маданиятига ихтисослашган жамоат маконига айлантирилади — ҳоким © Foto: gazetauz

Тошкентда босқичма-босқич барча 585 та маҳаллада китобхонлик бурчакларини ташкил этиш, пойтахтнинг 12 та туманининг ҳар бирида замонавий кутубхоналар қуриш ҳамда йирик янги савдо марказларида китоб дўконлари очиш бўйича талаб жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов «ЎзА»га берган интервьюсида маълум қилди.

Мазкур чора-тадбирлар президентнинг 27-июлда қабул қилинган «2026–2027-йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Шавкат Умурзоқовнинг таъкидлашича, ҳужжатда китоб ва мутолаага шаҳар муҳитининг ажралмас қисми сифатида қаралмоқда.

«Буни инсоннинг одатий йўли орқали тушунтирсам, одам уйидан чиқади, ўз маҳалласида китобхонлик бурчагини кўради. Бундай бурчаклар эндиликда пойтахтдаги барча — 585 та маҳаллада босқичма-босқич ташкил этилади. Туман марказига борса, замонавий кутубхонага дуч келади, яъни 12 та туманнинг ҳар бирида йирик, интерактив ва замонавий кутубхона қуриш режалаштирилган, жойлари аллақачон белгиланган», — деди у.

Унинг айтишича, гап фақат китоб сақланадиган бинолар қуриш ҳақида эмас.

«Мақсадимиз — шунчаки китоб сақланадиган бино қуриш эмас, йилига миллионлаб одам ташриф буюрадиган ва ўзининг илмий-маънавий эҳтиёжларини қаноатлантира оладиган жамоат маконини яратиш», — деди ҳоким.

Шавкат Умурзоқов «Мовий гумбазлар» номи билан танилган ҳудудни ушбу йўналишдаги марказий лойиҳалардан бири деб атади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳудуд тарихан китоб савдоси марказларидан бири бўлган.

Энди эса уни китобхонлик маданиятига ихтисослашган замонавий жамоат маконига айлантириш режалаштирилмоқда.

Савдо марказларида китоб дўконлари

Умурзоқовга кўра, Тошкентда қуриладиган янги йирик савдо марказлари учун мажмуа кўламига мос майдонда китоб дўкони очиш бўйича мажбурий талаб жорий этиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, пойтахтнинг сайёҳлар гавжум бўладиган кўчаларида имтиёзли шартлар асосида китоб дўконлари ва бук-кафелар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Ҳокимнинг айтишича, асосий мақсад кутубхона ва китоб дўконларини шаҳарнинг энг жозибадор ҳамда қулай жамоат маконларидан бирига айлантиришдан иборат.

«Мақсад битта – инсон қаерда бўлмасин, маҳаллада, туманда, кўчада ёки савдо марказида – китоб унга яқин бўлсин. Биз «Ўн беш дақиқалик шаҳар» деганда, аслида шуни ҳам назарда тутамиз», — деди у.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокими 35 та давлат бозори ва савдо мажмуаси инвесторларга таклиф этилаётгани, бироқ уларнинг бирортаси ёпилмаслиги ёки ўз функциясини йўқотмаслигини маълум қилганди.

Теглар

Мавзуга оид