add

Тоза ҳаво учун 548 млрд сўм, Тошкент шаҳар ҳокимидан тирбандликни камайтириш бўйича таклиф ва давлат харидида 11,2 млрд сўмлик қонунбузарлик — 4 декабр дайжести

Кеча 21:582204 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тоза ҳаво учун 548 млрд сўм, Тошкент шаҳар ҳокимидан тирбандликни камайтириш бўйича таклиф ва давлат харидида 11,2 млрд сўмлик қонунбузарлик — 4 декабр дайжести

2026 йилда ҳаво тозалигини таъминлаш учун қанча маблағ ажратилиши очиқланди

Олий Мажлисда 2026-йилги давлат бюджети муҳокамаси чоғида ҳаво сифатини яхшилашга йўналтириладиган маблағлар кўриб чиқилди. Депутатларнинг саноат корхоналарини замонавий филтрлаш иншоотлари билан жиҳозлаш учун ажратиладиган маблағлар етарлилиги ҳақидаги саволларига Экология қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков жавоб бериб, 2026 йилда жамғармага 548 млрд сўм йўналтирилиши прогноз қилинаётганини билдирди. У Тошкентдаги экологик вазият бўйича махсус комиссия 24 соатлик режимда ишлаётганини ҳам қайд этди.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 2025 йилда 900 млрд сўм Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат жамғармасига ўтказиб берилиши режалаштирилганини таъкидлади. Президент қарорига кўра, жамғарма 2025–2026 йилларда жами 1,4 трлн сўм билан тўлдирилади. Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб углерод бирликлари савдосидан тушумларнинг 20 фоизи, атроф-муҳитга зарар учун жарималар ва импорт транспорт воситалари бўйича утилизация йиғимининг 10 фоизи ҳам ушбу жамғармага йўналтирилади.

«Йўл ҳаракати бошқаруви марказини ташкил этиш тирбандликни 30-40 фоизгача камайтиради» — Тошкент шаҳар ҳокими

Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг айтишича, пойтахтда ягона йўл ҳаракати бошқаруви марказининг ташкил этилиши тирбандликни сезиларли камайтиради ва экологик юкни енгиллаштиради. Унинг фикрича, бугунги кунда 400 минг автомобиль учун мўлжалланган йўлларда 1 миллиондан ортиқ машина ҳаракатланаётгани муаммони кескинлаштирмоқда. Ҳокимлик Сеул, Сингапур, Шенжен, Дубай ва Москва тажрибаларини ўрганиб, тирбандликни камайтиришнинг асосий ечими марказлашган бошқарув эканини аниқлаган.

Режалаштирилаётган Ягона йўл ҳаракати бошқаруви маркази барча функцияларни бир қўлда жамлаб, пойтахтнинг транспорт бош режасини ишлаб чиқади. Бу режа йўловчилар, велосипед ва электросамокат фойдаланувчилари, юк ва енгил автомобиллар ҳайдовчилари эҳтиёжларини қамраб олади. Ҳаракатланиш йўналишларини тартибга солиш, юк машиналари вақт ва йўналишларини белгилаш, микромобиллик учун шароит яратиш каби вазифалар аниқ алгоритмлар асосида бажарилади. Ҳокимнинг таъкидлашича, тизим рақамлаштирилгач, йўлларни бошқариш шаффоф ва тезкор бўлади ҳамда тирбандлик камида 30–40 фоизгача қисқаради.

Давлат харидларида 11,2 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди

Рақобат қўмитаси давлат харидлари бўйича ўтказган мониторинг ва текширувлар натижасида 11,2 млрд сўмдан ортиқ маблағни қамраб олган қонунбузилишлар фош этилди. Бухоро вилоятида мактабгача ва мактаб таълими бўлими харидларида 500 млн сўмдан зиёд, Фарғона вилоятида соғлиқни сақлаш бошқармасининг 6 та харидида эса қарийб 8 млрд сўмлик хатолар аниқланган

Шу билан бирга, Жиззах вилоятида турли ташкилотлар кесимида 900 млн сўмга яқин, Навоий вилоятида эса тиббиёт муассасалари бўйича 1,8 млрд сўмлик қонунбузилишлар қайд этилди. Мазкур ҳолатлар «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси билан боғлиқ бўлгани билдирилган. Қўмита ҳузуридаги Махсус комиссия буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатиб, белгиланган тартибда таъсир чораларини қўллади.

Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига вазифасини бажариб келаётган Эркинжон Турдимовни тавсия этди. Халқ депутатлари кенгаши сессиясида унинг номзоди маъқулланиб, Турдимов расман вилоят раҳбари этиб тасдиқланди. У 2025 йил январидан буён ҳоким вазифасини бажараётган эди.

Сессияда келаси йил учун ҳудуд ривожига оид вазифалар белгилаб берилди: 3 млрд доллар инвестиция жалб этиш, экспорт ҳажмини 500 млн долларга етказиш ва 185 минг иш ўрни яратиш. Президент Турдимовдан бу режаларни изчил амалга ошириш, аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган тезкор ва самарали ишларни талаб қилди. Турдимовнинг Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги раҳбарлик тажрибаси Сирдарё учун муҳим омил сифатида қайд этилди.

Марказий банк вояга етмаганлар учун картадан фойдаланиш тартибини тушунтирди

Марказий банк ижтимоий тармоқларда вояга етмаганлар банк карталарини очиш ва мобил иловаларда биометрик идентификациядан ўтишда қийинчиликлар бўлаётгани ҳақидаги фикрларга изоҳ берди. Ташкилотга кўра, Face-ID каби биометрик талаблар аввало фирибгарлик ҳолатларини чеклаш учун жорий этилган. Амалдаги тартибга мувофиқ, 14–18 ёшли фуқаролар банкларда ҳисобварақни мустақил очиш ҳуқуқига эга, бироқ мобил иловаларда хавфли операциялар учун қўшимча идентификация сақланиб қолади.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида Марказий банк банклар ва тўлов ташкилотларига вояга етмаганлар учун мобил иловалар орқали электрон тўлов хизматларини тўлиқ ишлатиш имконини яратиш бўйича кўрсатмалар юборди. Тизимдаги техник ва хавфсизлик бўшлиқлари қисқа вақтда ёпилиши белгиланган. Оптималлаштириш ишлари якунлангач, 14–18 ёшли фуқаролар ўз карталаридан мобил иловалар орқали тўлиқ фойдаланиши мумкин бўлади.

Теглар

Мавзуга оид