Logo

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш учун қанча маблағ сарфлангани маълум қилинди

Bugun 15:302 daqiqa

Маълумотларга кўра, рўйхатга олишнинг онлайн шакли харажатларни ўн баробар камайтирган.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш учун қанча маблағ сарфлангани маълум қилинди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда илк бор замонавий усулда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнига жами 56,4 миллиард сўм (4,7 миллион доллар) сарфланди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроев Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманидан сўнг журналистларга маълум қилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш жараёнида бир нафар фуқарога тўғри келган ўртача харажат 0,12 АҚШ долларини ташкил қилган. Барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланган бўлиб, бу маблағларга халқаро ташкилотлар грантлари ёки хайрия ёрдамлари киритилмаган.

Беҳзод Ҳамроевнинг сўзларига кўра, умумий харажатларнинг 90–95 фоизи «маҳалла еттилиги» ходимларининг меҳнат ҳақига тўғри келади. Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлар томонидан компьютер ва планшетлар каби техник воситалар хайрия тариқасида тақдим этилган.

Онлайн формат харажатларни қисқартирган


Қўмита раисининг таъкидлашича, аҳолининг тахминан 82 фоизи онлайн шаклда рўйхатдан ўтгани жараён харажатларини сезиларли даражада қисқартирган.

«Дастлаб аҳолининг 20 фоизи интернет орқали рўйхатдан ўтади, қолган 80 фоизининг маълумотлари уйма-уй юриб йиғилади, деб режалаштирилган эди. Аммо амалда интернет орқали иштирок этганлар улуши 82 фоизга етди. Натижада бир кишини рўйхатга олиш харажати атиги 0,12 доллар, яъни қарийб 1 444 сўмни ташкил этди», — деди Беҳзод Ҳамроев.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, агар рўйхатга олиш тўлиқ анъанавий усулда амалга оширилганида, умумий харажатлар камида ўн баробар кўпайган бўларди. Бу ҳолда бир киши учун сарфланадиган маблағ 1 АҚШ долларидан ошиши, қўшимча равишда «маҳалла еттилиги» ходимларига тушадиган юклама ортиб, уларнинг иш ҳақи ва транспорт харажатлари ҳам сезиларли кўпайиши мумкин эди.

Маълумотлар очиқ бўлади

Беҳзод Ҳамроев рўйхатга олиш натижалари босқичма-босқич Миллий статистика қўмитасининг расмий сайтида эълон қилиниши, ушбу маълумотлар тадқиқотчилар ва дастурчилар учун очиқ маълумотлар базаси вазифасини бажаришини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, эълон қилинадиган маълумотлар фақат умумлаштирилган ва шахси аниқланмайдиган кўринишда бўлади, шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги тўлиқ таъминланади.

Маълумот учун, аҳолини рўйхатга олиш жорий йилнинг 15 январидан 28 февралигача икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда фуқаролар махсус онлайн платформа орқали иштирок этган бўлса, иккинчи босқичда «маҳалла еттилиги» ходимлари планшетлар ёрдамида уйма-уй юриб маълумот тўплади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда аҳоли сони 39 047 321 нафарга етганлиги ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid