Қурбон ҳайитида ички саёҳатларга чегирмалар берилади — Туризм қўмитаси
Қурбон ҳайити муносабати билан ички туризм, меҳмонхоналар, музейлар ва зиёратгоҳларга махсус чегирмалар жорий этилди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда Қурбон ҳайити байрами муносабати билан аҳоли учун кетма-кет беш кунлик дам олиш кунлари белгиланди. Шу муносабат билан мамлакат ичида саёҳат қилишни рағбатлантириш мақсадида туризм соҳасида бир қатор имтиёзлар ва чегирмалар эълон қилинди.
Туризм қўмитаси маълум қилишича, 2026 йил 27–31 май кунлари давомида республика бўйлаб ички туризмни ривожлантириш ва фуқароларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида махсус акция амал қилади.
Дастур доирасида мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари ўз хизматларига 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар тақдим этади. Бу эса дам олиш кунларида саёҳат қилишни режалаштираётганлар учун харажатларни камайтириш имконини яратади.
Музейлар учун имтиёзлар
Бундан ташқари, маданий объектларга ташриф буюрувчилар учун ҳам қатор енгилликлар белгиланган. Хусусан, Маданий мерос агентлиги тасарруфидаги давлат музейлари ҳамда маданий мерос объектларига кириш чипталари учун 10 фоизгача чегирмалар жорий этилади.
Ушбу чоралар аҳолининг тарихий ва маданий объектларга қизиқишини ошириш, шунингдек, ички туризм оқимини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Зиёратгоҳларга чегирмалар
Шунингдек, пуллик зиёратгоҳларга ташриф буюрувчилар учун бир қанча чегирмалар бериш кўзда тутилган. Хусусан, Қурбон ҳайити байрами кунлари ногиронлиги бор ва ёши катта фуқаролар ва ёш болаларга зиёратгоҳларга кириш бепул этиб белгиланган.
Қурбон ҳайити байрами муносабати билан резидент авиакомпаниялар томонидан маҳаллий йўналишларда қўшимча қатновлар йўлга қўйилган. «Uzbekistan Airways», «Silk Avia» ва «Centrum Air» авиакомпаниялари Тошкентдан Бухоро, Термиз, Урганч ва Нукусга бориш/қайтиш йўналишида жами 28 та қўшимча рейсларни бажаради.
Парвозлар 25 майдан 31 майга қадар амалга оширилади ва ҳафта давомида самолётлар қўшимча равишда 8988 нафар йўловчини ташийди.
Амал жадвалга кўра, ҳозирда ҳафтасига 97 та рейс амалга оширилмоқда: Тошкент – Бухоро йўналишида 23 та, Тошкент – Термиз йўналишида 23 та, Тошкент – Урганч йўналишида 35 та ва Тошкент – Нукус йўналишида 16 та рейс.





