Сенат шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенат реновация қонунини маъқуллади. Мулкдор ҳуқуқлари устуворлиги, 12 фоиз компенсация ва очиқ платформа жорий этилади.

Сенат 14-ялпи мажлисида «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Қонуннинг асосий мақсади аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, сейсмик жиҳатдан хавфли ва жисмонан эскирган биноларни босқичма-босқич янгилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ҳамда шаҳар муҳитини янги талаблар асосида шакллантиришга қаратилган.
Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш жараёнларининг очиқ ва шаффоф бўлиши, реновация дастури жамоатчилик учун очиқ бўлган «Шаҳарсозлик реновацияси» электрон платформасига жойлаштирилиши ва ОАВ ҳамда ваколатли органларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилиши алоҳида белгиланмоқда.
Компенсация ва кафолат
Компенсациянинг тўрт хил шакли назарда тутилмоқда. У реновация ҳудудидаги янги ёки бошқа жойдаги турар ва нотурар тоифадаги объектни мулк қилиб бериш, пул маблағлари ёхуд келишув битимида назарда тутилган бошқа шакллар орқали амалга оширилади.
Компенсация шакли мулкдор ва Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш дирекцияси ўртасидаги келишувга мувофиқ ихтиёрий равишда танланади. Мулкдорларга етказилган ноқулайликлар учун компенсация миқдорининг 12 фоизи миқдорида бир марталик пул маблағлари берилади.
«Энг муҳими, тенглик ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги шаҳарсозлик реновациясининг асосий тамойилларидан бири этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, кўчириш ёки вақтинча ижарага чиқиш зарурати юзага келганда фуқаролар тайёр ҳудудга, ногиронлиги бўлган шахслар эса қулай муҳитга эга турар жойларга кўчирилиши назарда тутилмоқда», — дейилади хабарда.
Қонунда мулкдорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили белгиланиб, давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдор фойдасига талқин этилиши кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Қонун лойиҳасининг хронологияси
«Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонуннинг тақдири парламент ва ҳукумат идоралари ўртасидаги тушунарсиз сукутга айланган эди. Қонун бўйича жараёнлар қуйидагича кечган:
2025 йил апрел. Президентга қонун лойиҳаси тақдим этилди. Унда реновация дастурларини уч босқичда амалга ошириш белгиланган: ҳудудларни танлаш ва лойиҳаларни тайёрлаш, қурилишчиларни тасдиқлаш, уй-жойларни қуриб топшириш. Мулкдорларга янги уй-жой ёки компенсация бериш назарда тутилган.
Дастлабки босқичда бир нечта пилот лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Адлия вазири Акбар Тошқулов ушбу соҳада «ҳуқуқий бўшлиқ» мавжуд бўлганини таъкидлаган.
2025 йил июл. Қурилиш вазири ўринбосари Озода Жўраева қонун лойиҳаси экспертизада эканини маълум қилди. Унинг айтишича, асосий муаммо — аҳоли уйларини қиммат баҳолаши ва инвесторлар билан келишув қийин кечаётгани.
2025 йил август. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
2025 йил 9-сентябр. Қонунчилик палатаси ҳужжатни иккинчи ва учинчи ўқишларда маъқуллаб, Сенатга юборди.
Бироқ ҳужжат матни жамоатчиликка эълон қилинмади ва айрим баҳсли масалалар очиқ қолди.
2025 йил 2-октябр. Сенат қўмитасида муҳокама қилинган қонун кейин «йўқолди». 60 кунлик муддат ўтган бўлса-да, расмий маълумот берилмади.
2026 йил 2-март. Vaqt.uz Сенат матбуот котиби Нилуфар Аббосхоновага мурожаат қилди. У қонун навбатдаги мажлисда кўриб чиқилишини айтган эди.
Нега бу қонун муҳим?
Реновация аввало 40–50 йил олдин қурилган, талабларга жавоб бермайдиган уйларда яшовчи мулкдорларни ҳимоя қилиш учун керак. Бу инсонларнинг мулк ҳуқуқи дахлсиз бўлиб, қонун шу ҳуқуқларни кафолатлаши лозим.
Реновация фақат эски уйни бузиб, ўрнига янги бинолар қуриш эмас. Агар аҳоли зичлиги кескин оширилса, инфратузилмага босим кучаяди: электр, транспорт, мактаб ва боғчалар муаммоси янада оғирлашади. Яшил ҳудудлар қисқаради.
Шу боис, реновация — бу инфратузилмани янгилаш, яшаш муҳитини яхшилаш ва аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёни бўлиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўқитувчиларга ваъда қилинган, аммо ҳанузгача қарори эълон қилинмаган имтиёзлар ҳақида ёзган эдик.





