«Йўқолган» реновация қонуни: стратегия бор, ҳужжат йўқ

02.03.2026 | 17:294 дақиқа

2040-йилгача кенг кўламли реновация режалаштирилган, аммо уни тартибга солувчи қонуннинг тақдири ҳануз ноаниқ. Ҳужжат Сенатда кўриб чиқиляптими ёки Қонунчилик палатасига қайтарилганми — бу борада расмий маълумот берилмаган.

«Йўқолган» реновация қонуни: стратегия бор, ҳужжат йўқ

2026-йил 3-феврал куни Президентга урбанизация ва уй-жой қурилишида янги ёндашувларни жорий этиш юзасидан навбатдаги тақдимот кўрсатилди. Унда 2040-йилгача уй-жойларнинг реновация билан қамраб олинишини амалдаги 15 фоиздан 60 фоизга етказиш ва «Янги Ўзбекистон» массивларини 120 тага етказиш белгиланди.

Шунингдек, ҳозир йилига 15–18 минг квартира реновация ҳудудларида қурилаётган бўлса, 2040-йилда бу кўрсаткич 170 мингтага чиқиши режалаштирилган. Бу дегани, яқин йилларда қурилиш учун ер очишнинг асосий дастаги айнан эски уйларни бузиш — реновация бўлади.

Бироқ бу улкан мақсадлар эълон қилинаётган бир пайтда энг асосий савол очиқ қолмоқда: бу жараёнлар қайси қонун асосида амалга оширилади? Негаки, амалда реновация кўлами кенгайиб бораётган бўлса-да, унинг ҳуқуқий асоси ҳамон «муаллақ» турибди.


Қонун лойиҳасининг хронологияси

«Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонуннинг тақдири парламент ва ҳукумат идоралари ўртасидаги тушунарсиз сукунатга айланиб улгурди. Қонун бўйича ҳаракатлар занжири қуйидагича бўлган:

2025-йил апрел. Президентга қонун лойиҳаси тақдим этилди. Ҳужжатда реновация дастурларини уч босқичда амалга ошириш назарда тутилган: тегишли ҳудудларни танлаш ва лойиҳаларни тайёрлаш, лойиҳалар ва қурувчиларни тасдиқлаш, уй-жойларни қуриб, фойдаланишга топшириш. Ташаббускорлар мулкдорларга янги уй-жой ёки компенсация бериши керак бўлади.

Дастлабки босқичда реновация бўйича бир нечта пилот лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Ҳатто фуқаролар ва ҳомийлар иштирокида дирекция ҳам ташкил қилиниши маълум қилинган. Адлия вазири Акбар Тошқулов қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгунга қадар уй-жойларни реновация қилиш соҳасида «ҳуқуқий бўшлиқ» бўлганини, лойиҳаларни келишиш бўйича аҳоли, тадбиркорлар ва инвесторлар ўртасида зиддиятлар юзага келганини таъкидлаган.

2025-йил июл. Қурилиш вазири ўринбосари Озода Жўраева қонун лойиҳаси Адлия вазирлигида экспертизадан ўтаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, у илк бор асосий муаммони очиқлади: аҳоли ўз уйларини инвесторларга қиммат сотмоқчи, бу эса бизнес манфаатлари билан тўқнаш келмоқда.

«Икки қаватли эскирган уйларда яшовчи аҳоли ўз уйларининг нархини қиммат баҳоламоқда. Инвесторлар аҳоли билан нархларни келишишда қийинчиликларга дуч келмоқда», — деб Озода Жўраева Spot нашрига маълум қилган.

2025-йил август. Депутатлар реновация тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасини бошлади. Бу ҳақда бир нечта партия матбуот хизматлари хабар берган эди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан 5 август куни ўтказилган ялпи мажлисда биринчи ўқишда қабул қилинди.

2025-йил 9-сентябр. Қонунчилик палатаси «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонунни иккинчи ва учинчи ўқишларда кўриб чиқиб, маъқуллади. Шу куниёқ Сенатга юборилгани маълум қилинди.

Аммо қонуннинг на биринчи ўқишдаги, на кейинги ўқишлардаги матни жамоатчиликка эълон қилинмади. Муҳокамалардан маълум бўлишича, баҳсли ва муаммоли масалалар бўйича аниқлик ва асослар киритилмаган. Жумладан, депутатлардан бирининг мерос ҳолатидаги жараён муддатини 6 ойга узайтириш таклифи ҳам қабул қилинмаган.

2025-йил 2-октябр. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси қонунни муҳокама қилди. Шундан сўнг ҳужжат «ғойиб бўлди». Конституцияда белгиланган 60 кунлик муддат (охирги муддат — 18 ноябр) ўтиб кетган бўлса-да, қонуннинг рад этилгани ёки маъқуллангани ҳақида расмий маълумот берилмади.

Ҳозирги ҳолат (2026-йил) Vaqt.uz вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Олий Мажлис Сенати матбуот котиби Нилуфар Аббосхоновага мурожаат қилди. Унинг маълум қилишича, қонун навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига қўйилади. Аммо аниқ муддати очиқланмади.


«Биз ўйинни қонунсиз бой бериб бўлдик»

«Аввал иқтисод…» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров реновация билан боғлиқ жараёнларга алоҳида тўхталиб ўтган эди. У бу жараённи очиқчасига «истеъмолчилар ҳимояланмаган ўйин» деб атади. Унинг фикрича, қонунсиз амалга оширилаётган реновация — бу драйвер эмас, балки жамият учун зиён.

«Қонун йўқ, лекин реновация кетяпти. Энг ёмон тарафи, халқ манфаатига ишлайдиган қонунлар келганда, улар қайсидир бурчакда йўқолиб қолади. Биз матнни билмаймиз, нима ўзгарганини билмаймиз. Қурувчиларнинг тасаввурида реновация — бу эскирган уйни бузиб, ўрнига имкони борича кўпроқ уй жойлаштиришдир», — дейди Бакиров.

Бакиров «зичлик» масаласига алоҳида тўхталиб, ҳуқуқий асоссиз ҳаракатланишнинг оқибатларидан огоҳлантиради:

«Менинг фикримча, қонун йўқ экан, бу жараёнларни тўхтатиш керак. Қонун йўқ, реновация бўлмаслиги керак. Мен реновациянинг тарафдориман, чунки бу йирик шаҳарларда иқтисодий ўсиш драйверларидан бири. Лекин қонун йўқ экан, у бизга зиён келтиради», — деди иқтисодчи.

Экспертнинг таъкидлашича, 300 киши яшайдиган жойда 20 минг кишилик массив қуриш — бу «учинчи молхона»дир. Бу ерда на транспорт, на энергетика ва на ижтимоий инфратузилма (боғча, мактаб) муаммоси ҳал бўлади. 20 қаватли уйларда одамлар бир-бирини танимайди, ижтимоий занжир узилади.


Реновация қонуни ўзи нега керак?

Реновация аввало эски, энергетик ва техник талабларга жавоб бермайдиган, 40–50 йил аввал қурилган уйларда яшаётган мулкдорларни ҳимоя қилиш учун керак. Бу инсонлар — уй эгалари, уларнинг мулк ҳуқуқи дахлсиз. Қонун айнан шу ҳуқуқларни кафолатлаши шарт.

Реновация фақат эски уйни бузиб, ўрнига янада баланд ва зич бино қуриш дегани эмас. Агар 300 киши яшайдиган ҳудуд ўрнига 20 минг кишилик массив барпо этилса, бу инфратузилмани издан чиқаради. Электр таъминоти, транспорт, тирбандлик, мактаб ва боғчалар масаласи ҳал бўлмайди, аксинча янада оғирлашади. Яшил ҳудудлар қисқаради, ижтимоий муҳит парчаланади.

Шу маънода, реновация — бу аввало инфратузилмани янгилаш, яшаш муҳитини яхшилаш ва аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. У фақат қурилиш ҳажмини ошириш эмас, балки мавжуд аҳолининг ҳаёт сифати, таълим, экология ва жамоат маконига бўлган ҳуқуқини таъминлаш жараёни бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўқитувчиларга ваъда қилинган, аммо ҳанузгача қарори эълон қилинмаган имтиёзлар ҳақида ёзган эдик.






Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 115

Барчаси

Мавзуга оид