Logo

Уй-жой бозори: Тошкентдаги энг қиммат уйлар қайси туманларда?

Тошкентда уй-жой нархлари июнь ойида барқарор сақланди. Бироқ энг қиммат ва арзон туманлар ўртасидаги тафовут ҳали ҳам сезиларли даражада қолмоқда

Уй-жой бозори: Тошкентдаги энг қиммат уйлар қайси туманларда? © Ijtimoiy tarmoqlar

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази Тошкент шаҳридаги турар ва нотурар жойларнинг июнь ойи бўйича ўртача бозор нархларини таҳлил қилди.

Маълумотларга кўра, пойтахтда аҳоли сони ўсишига қарамай, кўчмас мулк бозорида кескин нарх ўзгаришлари кузатилмаган. Аксарият ҳудудларда нархлар барқарор сақланиб, ўсиш мўътадил даражада давом этмоқда.

1-июл ҳолатига кўра, Тошкентда кўп квартирали уйларда хонадонларнинг ўртача нархи 1 квадрат метр учун 16,5 миллион сўмни ташкил қилди. Бу июнь ойига нисбатан 0,6 фоизга юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Қиммат туманлар

Пойтахтда кўп квартирали уйлар сегментида энг юқори нарх Шайхонтоҳур туманида қайд этилди. Бу ҳудудда 1 квадрат метр уй-жойнинг ўртача баҳоси 25,3 миллион сўмга етган.

Кейинги ўринларда Миробод тумани 23,2 миллион сўм ва Яккасарой тумани 20,5 миллион сўм кўрсаткич билан жойлашди.

Энг арзон хонадонлар эса Янгиҳаёт, Сергели ва Бектемир туманларида кузатилди. Ушбу ҳудудларда 1 квадрат метр уй-жой нархи мос равишда 11 миллион, 11,45 миллион ва 11,5 миллион сўмни ташкил этди.

Ҳовлили уйлар нархлари қандай?


Якка тартибдаги уй-жойлар бозорида ҳам кичик ўсиш қайд этилди. Бир ой давомида 1 сотих ернинг ўртача қиймати 912,9 миллион сўмдан 916,9 миллион сўмга кўтарилди.

Бу сегментда энг қиммат ҳудуд Мирзо Улуғбек тумани бўлди. Бу ерда 1 сотих ернинг ўртача нархи 1,72 миллиард сўмни ташкил қилди. Яккасаройда ушбу кўрсаткич 1,64 миллиард сўм, Юнусободда эса 1,44 миллиард сўм бўлди.

Энг арзон ер нархлари Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида қайд этилди. Хусусий уй-жойлар нархи бир ойда энг кўп Учтепа, Яшнобод ва Бектемирда ошган.

Нотурар жойлар бозори


Тошкентда нотурар объектлар нархи ҳам деярли барқарор сақланди. Уларнинг ўртача қиймати 1 квадрат метр учун 16 миллион сўмни ташкил этиб, бир ойда 0,5 фоизга ошди.

Энг қиммат нотурар объектлар Мирзо Улуғбек туманида қайд этилди — 1 квадрат метр учун 24,4 миллион сўм. Кейинги ўринларда Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманлари жойлашди.

Арзон нархлар эса Бектемир, Янгиҳаёт ва Сергелида сақланиб қолмоқда. Мутахассисларга кўра, ҳудудлар ўртасидаги фарқ инфратузилма, жойлашув ва талаб даражаси билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уй-жой харидида алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида маълумот берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid