Ёнувчан материаллардан фойдаланиш бўйича янги чекловлар жорий этилди

Bugun 12:552 daqiqa

Ўзбекистонда биноларни пардозлашда ёнувчанлиги юқори материаллардан фойдаланиш чекланиб, ёнғин хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган янги талаблар белгиланди.

Ёнувчан материаллардан фойдаланиш бўйича янги чекловлар жорий этилди

Ўзбекистонда бинолар ва иншоотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар янада кучайтирилди. Адлия вазирлиги “Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги”га оид шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига киритилган ўзгартишларни (ШНҚ, 391-сон, 2026 йил 27 март) ҳисобга олди.

Мазкур ўзгартишларга кўра, биноларни пардозлашда ишлатиладиган қурилиш материалларига нисбатан қатъий чекловлар жорий этилди. Бу талаблар биноларнинг баландлиги ва уларнинг вазифасига қараб фарқ қилади.

Жумладан, баландлиги 28 метргача бўлган биноларнинг фасад қисмида фақат ёнувчанлик даражаси паст бўлган материаллардан фойдаланишга рухсат берилади. Бу орқали ёнғин тарқалиш эҳтимолини камайтириш мақсад қилинган.

Шунингдек, 28 метрдан баланд биноларда, шу билан бирга таълим ва тиббиёт муассасаларида ёнувчан материаллардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланди. Бу каби объектларда хавфсизлик талаблари янада юқори даражада таъминланиши лозим.

Бундан ташқари, биноларнинг эвакуация йўллари, жумладан зинапоялар, йўлаклар, чиқиш йўлаклари, шунингдек ертўла ва ярим ертўлаларда девор ва шифтларни безашда ёнувчан материаллардан фойдаланишга чекловлар киритилди.

Мазкур талаблар ёнғин келиб чиқиши ва унинг тез тарқалиш хавфини камайтириш, шунингдек фавқулодда ҳолатларда фуқароларнинг хавфсиз эвакуациясини таъминлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда биноларнинг ташқи деворларида ёнувчан материаллардан фойдаланишни қатъий тарзда тақиқлаш режалаштирилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 1 декабрь куни ўтказган йиғилишда бу борадаги хавфлар кучайганини таъкидлаб, қурилиш меъёрларини халқаро амалиётга мослаштириш зарурлигини қайд этганди.

Teglar

Mavzuga oid