Хитой Қирғизистонга 1 млрд доллар сармоя киритмоқчи
Пекин Қирғизистонда қуёш ва шамол электр станциялари қурилишига йирик сармоя киритишни режалаштирмоқда.
© Ijtimoiy tarmoqlarХитой Қирғизистонда қуёш ва шамол электр станциялари қурилишига 1 млрд долларгача сармоя киритишга тайёр. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий инвестициялар агентлиги «China Energy Engineering Investment» делегацияси билан учрашув якунлари бўйича маълум қилди, деб хабар берди «24.kg».
Томонлар қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, мамлакатдаги инвестиция муҳити ва давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маълумот берилди.
Лойиҳалар қуввати
Маълум қилинишича, Қирғизистон қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири сифатида кўради ва халқаро ҳамкорлар билан ишлашга очиқ.
Хитой томони умумий қуввати 700 мегаваттгача бўлган лойиҳаларга сармоя киритишга тайёр:
— 500 МВт қуёш электр станциялари
— 200 МВт шамол электр станциялари
Муҳокамалар давом эттирилиши айтилди.





