
Фермерларга енгилликлар: 800 та пахта териш машинаси ва янги субсидия тизими
Президент Ш.Мирзиёев пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштиришни самарали ташкил этиш ҳамда аграр соҳада субсидиялар ажратиш янги тизими юзасидан тақдимот билан танишди ва янги вазифалар белгилади.

Тақдимотда айтилган асосий гапларни келтирамиз.
Пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишга жами 29 трлн сўм ажратилди. Соҳага 2,35 трлн сўм субсидиялар йўналтирилди.
Ўз маблағидан пахта етиштирган хўжаликларга пахта қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши натижасида 3430 фермер ва кластерлар 151 минг гектар майдонда ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирди ва 1,9 трлн сўм ресурс тежалди.
Пахта етиштириш учун олинган кредитни жорий йил якунига қадар тўлиқ қайтарган фермерларга фоиз тўловининг 4 фоиз бандини қайтариб бериш имконияти туфайли 9000 дан зиёд фермер 2,5 трлн сўм имтиёзли кредитларни муддатидан олдин қайтарди.
Келгуси йилда пахта ва ғалла ҳосили, субсидия ва бошқа харажатларга жами 34,2 трлн сўм ажратиш режалаштирилгани.
200 млн доллар маблағ жалб қилиниб, 800 та пахта териш машинаси харид қилинади.
2026 йилда агротехник тадбирлар, шу жумладан пленка ва эгилувчан қувурлар учун қўшимча 5 трлн сўм ажратиш таклиф қилинди.
Ҳосил етиштиришда кредит лимитининг 50 фоизигача фойдаланганда, сотилган пахта қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия ажратиш таклиф қилинди.
Фермерлар орасида «интизомли бўлиш — арзон кредит» моделини шакллантириш учун «А» кредит рейтингига эга хўжаликларга 2 фоизга, «B» тоифадагиларга 1 фоизга пасайтирилган ставкада кредит ажратиш таклиф қилинди.
Ўз маблағи ҳисобидан буғдой етиштирган фермерларга 10 фоиз субсидия ажратиш ташаббуси билдирилди.
Айни пайтда қишлоқ хўжалигида 52 турдаги субсидия ажратилмоқда. Янги тизимда ушбу жараён тубдан соддалаштирилади, инсон омили тубдан қисқартирилади, бюрократия камайтирилади. Аризаларни кўриб чиқиш тўлиқ рақамлаштирилади ва барча жараёнлар «Агропортал» орқали амалга оширилади.
2026 йил учун мўлжалланган 1,3 трлн сўмлик субсидияларни талабгорлар иштироки зарур бўлмаган ҳолда давлат идоралари томонидан проактив тарзда, қолган субсидиялар айрим келишиш, хулоса олиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш босқичларини чиқариб ташлаган ҳолда соддалаштирилган тартибда, ортиқча оворагарчиликсиз берилади. Натижада субсидия ажратиш муддатлари кескин қисқаради.
Аввалроқ 2026 йилдан эътиборан фермерлар ижарага олган ерларида қандай экин экишни ўзлари мустақил танлашлари ҳақида хабар берган эдик.





